Get Mystery Box with random crypto!

Мактаблардан қўлингизни тортинг: Мактаблар ҳудуди фақат таълим | bakiroo

Мактаблардан қўлингизни тортинг: Мактаблар ҳудуди фақат таълим учун фойдаланилиши керак!

Мактаблар ҳудудидаги сотиб юборилган ер майдонларини қайтариш ўрнига қолганиниям сотиш янги тўлқин билан давом этадиган кўринади.

Тасдиқланганидан кейин маҳаллабай юришни бошлаган пойтахт ҳокимига сотиш мумкин бўлган ер майдонларини презентация қилишни бошлашган. Улар орасида илгари мактаб бўлган ва яна мактабга айлантирилиши кўзланган лицейнинг 27,5 сотихли ер майдони ҳам бор. Эмишки, бу жой ўлик ва фойдаланмаётган бассейн эмиш. Сотишдан тушган пулга маҳаллани ободонлаштириш ва мактабни таъмирлашга ишлатилармиш.

Ҳоким билан учрашувда ҳозир бўлганларнинг ҳеч бири мактаб майдонига тегмайлик, қурсак, ўрнига яна мактаб қурайлик демаган. Лоақал биронтаси туриб ўша сотмоқчи бўлган ер майдонининг пулига камида 500 ўринли янги мактаб биноси қурса бўладику, деб сўрамаган.

Агарда ҳозир шу битта мактаб мисолида ер сотиш бошланса, уни тўхтатиб қолиб бўлмайди. "Юнусобод тажрибаси" деган аҳмоқона методичка билан бутун Ўзбекистонга ёйилади. Ҳеч ким сайламаган ҳокимлар ва уларнинг очофат шотирлари мактабларнинг ер майдонларига кўз олайтириб турибди. Доимгидек, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги оғзига толқон солиб ўтирипти.

Мактабларнинг бўш ҳудудига фақат таълим жараёнига оид бино ва иншоотлар қурилиши керак. бу бассейн, бу спорт зали, бу кутубхона бўлиши мумкин. Агар чуқур иқтисодий асосланса, давлат хусусий шерикчилик асосида хусусий мактаб қуришни ҳам ўйлаб кўрса бўлади, ундан ортиқ эмас.

Ҳурматли қарор қабул қилувчилар, бюджет тизимидаги мактаблар, шифохоналар, университетлар макони "хусусийлаштиришдан" дахлсиз бўлиши ва уларнинг ҳудудини сотиш қонун билан тақиқланиши зарур.

Мактаблардан қўлингизни тортинг, ҳурматсиз ерсотарлар. Ўзбекистон келажагига чанг солманг.