Get Mystery Box with random crypto!

Трансформация нима бўлди? Ҳар гал банкларнинг давлатдан, давл | bakiroo

Трансформация нима бўлди?

Ҳар гал банкларнинг давлатдан, давлатнинг банклардан узоқлашиши ўрнига тобора чатишиб кетиши тўлқинлари юз берганда, 4 йил аввал қабул қилинган Стратегия эсга тушади.

Айнан шу Стратегия кўра, давлат банклари ҳукуматнинг пала-партиш, самарасиз ва зарарли топшириқларини бажарадиган шотирлигидан чиқарилиб, бозор субъектига айлантириш кўзда тутилмагандими? Айнан шу стратегияга кўра Трансформация учун ўтган йилларда юзлаб миллиард, балки триллионлаб маблағлар сарфланмадими? Йиллик оклади 100 минг доллардан бошланадиган консультант ва маслаҳатчилар жалб қилинмадими? Ҳозир давлат банклари қаерда турипти? Қаердан чиққан бўлса, ўша жойига қайтиб қолмадими?

Хўп, Стратегия бўйича Халқ банкини хорижий стратегик инвесторларга сотиш вазифаси ўша пайтдаёқ рўё экани ҳамма биларди. Лекин ўтган 4 йилда давлат томонидан киритилган капиталнинг ярмидан кўпини утилизация қилиб, емириб юбориш мақсади бўлмагандир?

Ё трансформациядан мақсад ўзи арзон ва сифатсиз бошқарувга эга бўлган давлат банкларини йўл-йўлакай миллиардлаб пул ўзлаштириб бир тийинга қиммат активларга айлантиришмиди?

Молиявий саводхон, ҳисоб-китоби бор, давлатга қарам бўлмаган фуқаро ёки тадбиркор Халқ банкигаям, Микрокредитбанккаям яқинлашмайди. Масалан, мен қадам босмайман.

Лекин Халқ банкида ихтиёрий мажбурий равишда ўзбекистонликларнинг жамғариб бориладиган пенсия маблағлари ҳалигача сақланмоқда. Мен ҳам шуларнинг бириман. Ваҳоланки стратегияга кўра, ушбу маблағлар аллақачон Молия вазирлигига ўтказилиши керак эди. Шахсан мен йилдан йилга реал қиймати кўпайиш ўрнига қадрсизлантириб бораётган жамғариб бориладиган пенсия маблағларининг Халқ банкида сақланишини истамайман.