Get Mystery Box with random crypto!

Олтин нархининг 2 500 долларга чиқиши ҳам энди ёрдам бермайди | bakiroo

Олтин нархининг 2 500 долларга чиқиши ҳам энди ёрдам бермайди

8%лик иқтисодий ўсиш ҳам. Агарда даромадларнинг ўсишига қараб харажатларни ўстириш ва харажатларни қоплаш учун қўшимча даромад топиш мусобақаси тўхтатилмаса. Тўсатдан ўсган даромадларни шу заҳоти ўзлаштириш кўникмасидан воз кечилмаса. Чунки иштаҳалар ва манфаатлар доим тезроқ чопаверади. Янги юқори харажат нормасига кўникиб олингач, ҳеч ким орқага қайтишни истамайди.

Ўзбекистон жуда юқори иқтисодий ўсиш, олтин ва миснинг рекорд нархларига қарамай бюджет дефицити кўрсаткичларининг янгилашда давом этаётгани ҳали кўп тадқиқот ва изланишларга туртки беради. Нима қилмаслик кераклиги ҳақида бизнинг хатоларимиз мисолида рецептлар пайдо бўлади.

Лекин унгача ўзимиз ўзимизни тийиш учун янги фискал қоидаларни белгилаб олмасак, ёмон аҳволимиз янада ёмонлашаверади. Чунки ҳозирги касалимизнинг умумий номи фискал масъулиятсизлик, ўзбекча номи эса оғзаки топшириқлардан бошқа тиядиган қоидаларнинг йўқлиги.

Ўзбекистон зудлик билан шартли равишда 1800 долларлик олтин, 7800 долларлик мис нархи чегараси белгилаган даромадлар доирасидаги рационал бюджетга қайтиши керак. Чизиқдан юқори даромадлар ишлатилмаслиги, жамғарилиши зарур.

Харажатлар аёвсиз ва шафқатсиз кесилиши зарур. Айниқса иқтисодиётга харажатлар, айниқса давлат бошқаруви харажатлари. Харажатлар ўсишидан манфаатдор гуруҳлар, айниқса олигархия ва монополиялар қарор қабул қилиш жараёнидан бутунлай четлаштирилиши зарур.

Ҳа, ўзбек чиновниклари ёқтирадиган ҳеч нимани ўзгартирмаслик, статус квони сақлаб қолиш варианти ҳам бор. Лекин бунда яқин орада инфляцияни ҳам, савдо дефицитини ҳам, миллий валюта курсига босимни ҳам бошқариб бўлмас стадияга кирамиз.