Get Mystery Box with random crypto!

Бюджет паразитининг пиар ёлғонлари Ҳар галгидек нарх оширишда | bakiroo

Бюджет паразитининг пиар ёлғонлари

Ҳар галгидек нарх оширишдан аввал бюджет паразити UzAuto Motors "алдагани ўзбекистонликлар яхши" қабилида ёлғон пиар кампаниясини бошлайди. Бу сафар ҳам истисно бўлгани йўқ.

Тўқилган солиштиришга кўра, Chevrolet Cobalt Elegant АТ моделининг Ўзбекистондаги (128 645 000 сўм) ва Қозоғистондаги ( 6 990 000 тенге) нархлари қиёсланиб, Ўзбекистонда арзон деган хулоса ясалган. Биз бу ёлғонни фош этишга уриниб кўрамиз.

Биринчидан, Қозоғистонда Chevrolet-auto.kz расмий сайтида кўрсатилган нархлар бу максимал нархлар. Янги йилдан бошлаб айнан шу усул қўлланилмоқда, балки буни нарх оширишга тайёргарлик кўраётган UzAuto Motors илтимос қилганми, бир нарса дейиш қийин. Нима бўлганда ҳам, аниқ тиниқ қилиб, кўрсатилган нархлар максимал нархлар экани ва ўзгартирилиши қайд этилган. Қозоғистондаги дўстлар салонга бориб, танланган авто ранги, тўлов шакли ва модификациясига қараб нархлар савдолашиб, 7%-10%гача туширилиши мумкинлини айтишмоқда. Ҳар эҳтимолга қарши Ўзбекиcтондаги Cobalt амалдаги модификациясини (магнитофонию, деталларигача) Қозоғистондаги Cobalt модификацияларига яна бир бор солиштиринг.

Иккинчидан, Қозоғистондаги нархлар бу жисмонан бор, салонга пул тўлаб, миниб чиқиб кетилиши мумкин бўлган автолар учун. Ўзбекистондаги Cobalt нархи эса контрактацияси йўқ, бир амаллаб, администрация ё кабминдан таниш топиб, контрактация қилганда ҳам, бир йил кутиладиган автомобиль нархи. Ва энг асосийси, қозоқ харидорида танлов бор, истаса механика, истаса автомат ва танлаган модификациядаги автони олади. Ва энг асосийси, унда шевролетдан ташқари танловлар ҳам бисёр.

Учинчидан, Қозоғистонга экспорт қилинган автолар бўйича UzAuto Motors ҚҚС суммасини бюджетдан қайтариб олади. 2022 йилда ҳар бир экспорт қилинган Cobalt'дан 1700 долларгача ҚҚС қайтариб олинган.

Тўртинчидан, Қозоғистонга экспорт қилинган автолар бўйича утилизация йиғими Ўзбекистон бюджети ҳисобидан қоплаб берилади (бу ҳақда қанча дод-вой солдик). 2022 йилда Cobalt тоифасидаги автомобиллар учун утилизация йиғими 1 072 050 тенгени ташкил этган. Ҳозирги курс бўйича бу камида 2300 доллар.

Яъни, ҚҚС ва утилизация йиғимининг ўзидан бюджет паразити камида 4000 доллар чегириб олади. Энди, шу ерда тўхтаб, келтирилган нархларни ва танловни бошқатдан солиштиринг. Кимда арзон?

Бешинчидан
, бу майдароқ кўриниши мумкин Лекин айни шу кунларда доллар курси охирги ойлардаги Қозоғистонда энг арзонлаган, Ўзбекистонда эса энг қимматлаган пайт . Яъни, масалан, солиштириш, январда эмас, ноябрь ёки декабрда бўлганида яна камида 300 долларгача фарқлик кўринган бўларди.

Шундай қилиб, билингки, UzAuto Motors ўзбекистонликларни ё фикрлашдан узилган ноқис деб ҳисоблайди ёки худди танловсиз машиналари билан бўлгани каби нимани берсак, шуни, хўп деб ўзлаштиришга мажбур деб ўйлайди.

P.S. Ҳа, яна бир гап. Қозоғистонда жон бошига ЯИМ ва даромадлар Ўзбекистондагидан камида 5 карра юқори.