Get Mystery Box with random crypto!

Солиқ органлари томонидан қўлланиладиган молиявий санкциялар б | bakiroo

Солиқ органлари томонидан қўлланиладиган молиявий санкциялар бекор қилинмоқда.

Маълумки, жорий ҳафта бошида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишида “Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Ушбу қонунга асосан, солиқ қонунчилигига тадбиркорлар ва фуқаролар манфаатига хизмат қилувчи бир қатор янгилиликлар киритилмоқда. Жумладан:

Давлат раҳбарининг ПФ-6307-сонли фармонига асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкцияларни бекор қилиш (Параллел равишда, Вазирлар Маҳкамаси қарорига киритилаётган ўзгартиришларга орқали солиқ органлари томонидан камерал солиқ текшируви бўйича молиявий санкция қўллаш амалиёти ҳам тугатилмоқда);

Жисмоний шахсларга солиқ органлари томонидан хизмат кўрсатишнинг экстерриториал тамойилини жорий этиш;

Уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадларни солиқдан озод этиш;

Фойда солиғи солинадиган солиқ базадан чегириб юбориладиган амортизация нормалари ва инвестициявий чегирма миқдорларини ўртача 2 баробарга ошириш;

Хўжалик субъектларига фойда солиғи бўйича аввалги йилда кўрилган зарарларни жорий йил фойдасидан тўлиқ 100% чегириш имкониятини бериш (амалда 60%дан ошмаслиги лозим);

Юридик шахслар учун молк-мулк солиғи ставкасини 2% дан 1.5% га пасайтириш;

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомобилларни сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон ҳудудига олиб кирганлик учун йиғимни бекор қилиш;

Камерал текширувини белгилашда инсон омилини истисно қилиш мақсадида солиқ тўловчи топширган ҳисосботлар таҳлилини автоматлаштирилиган тизим ёрдамида (инсон омилисиз) ўтказишни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Лекин шу билан бирга, қонун лойиҳасида мен учун унчалик маъқул бўлмаган ўзгаришлар ҳам маъқулланди. Мисол учун, юридик шахслар учун молк-мул солиғи базасини белгилашда кўчмас мулк қийматига нисбатан минимум миқдорлар белгиланди. Бу миқдор 1 кв.метр учун Тошкент шаҳрида 2.5 млн сўм, вилоятлар марказида эса 1.5 млн.сўмдан кам бўлмаслиги керак. Натижада, гарчи юридик шахслар учун солиқ ставкаси пасайтирилган бўлсада, минимум қиймат белгиланиши аслида тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкини ошишига олиб келиши мумкин, деб ўйлайман. Aйниқса, фойда коэффициенти кўчмас мулк кв.метрига нисбатан паст бўлган тадбиркорлик субъектлари учун мол-мулк солиғи сезиларли ўсиши мумкин.

Шунингдек, бюджетнома ҳамда давлатимиз раҳбарининг ПФ-6319-сонли фармонида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари фақатгина 6та модда (нефт, табиий газ, олтин, мис, волфрам ва уран) учун камайтирилиши белгиланганди. Бироқ, гарчи фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш нисбатан сердаромад ва кам сонли ўйинчилар иштирок этадиган бозор бўлсада, белгиланган 6та моддадан ташқари яна бир нечта фойдали қазилмалар учун ҳам солиқ ставкалари сезиларли миқдорда пасайтирилмоқда. Афсуски, муҳокамаларда бошқа турдаги фойдали қазилмалар учун солиқ ставкасини пасайтириш юзасидан аниқ ҳисоб-китоб ёки асослантириш тақдим этилмади.

Aлбатта, ўз эътироз, савол ва таклифларимни қонун лойиҳасининг фракция ва қўмита муҳокамаларида кўтардим ҳамда ялпи йиғилишда ҳам ушбу масалаларга эътибор қаратишга ҳаракат қилдим. Лекин жонли эфирда гувоҳ бўлинганидек, афсуски кўп савол беришим баъзи депутатларимизга малол келди. “Парламент йиғилиши муҳокамалар учун эмас, балки фақат муносабат билдириш учун”, деган эътирозлар янгради.

Aсосий вазифаси давлат бюджетини қабул қилиш ва уни ижросини устидан назорат ўрнатиш ҳамда мамлакатда солиқ сиёсатини белгилаш бўлган депутатларнинг (яна биттаси катта фракция раҳбари) ўзлари биринчи навбатда мени савол бериш ва муҳокама қилиш ҳуқуқимга қарши чиққандан сўнг таклиф ва эътирозларим учун асосли жавоб бермаганига ҳукумат вакилларидан хафа бўлишим ўринсиз экан, деб хулоса қилдим. Биз депутатлар токи бюджет ва солиқ масалаларига жиддий эътибор қаратиб, ҳукумат олдига тўғри саволлар қўйишни ўрганмас эканмиз, “Янги Ўзбекистон”нинг “Эски Парламенти” бўлиб қолаверамиз.

@D_Ganiyev