2022-08-11 14:27:38
САҲОБАЛАР КЕЛИБ ҚОЛСА...
Маълумки, Ислом динини энг яхши билган ва унга энг яхши амал қилган, пайғамбарлардан кейин энг фаросатли одамлар – саҳобалар.
Дейлик, уларни вақт машинасига ўтқазиб, олдимизга олиб келишди. Нима бўлади?
Менимча бунақа бўлади:
Албатта, маълум вақт мобайнида улар воқелигимизни ўрганади: сиёсат, иқтисодиёт, техника дегандек. (Мусулмонларнинг ҳозирги ҳолини урганиш давомида улар кўп маротаба бошини ушлашини айтмай турамиз).
Ҳаммасини билиб олганларидан кейин улар нима қилади?
Албатта, кимдир улар қўлига қурол олиб жиҳод қилишга киришиб кетади, дейди. Бекор гап, албатта. Қайси пайт қандай ҳаракат қилишни, жойи келса уммат омонлиги учун бошқа қитъага ҳижрат қилиш кераклигини уларга Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган. Қуролга мурожаат этиш эса охирида – қачонки уларга нисбатан зулм ортиб кетганда ва қуролли қаршилик кўрсатишга қурблари етканда рухсат этилган ва бу билан уларга ишларнинг тўғри алгоритми англатилган.
Унда 2022 йил Ўзбекистонга келиб қолган саҳобалар нима қилган бўлишарди?
Воқеликни тўлиқ ўрганган, таназзулга нима сабаб бўлганини тушунган саҳобалар, аминманки, юксак ақл соҳиблари ўлароқ, “ҳар бир мусулмон кеманинг тешигини ёпишга жаҳд қилсин, зотан айнан шу тешик сабаб уммат орқага кетган, ҳар соҳа таназзулга учраб, душманга ем бўлинган” деган бўлишарди ва ҳар бир мусулмон ўзидан ҳеч бўлмаганда битта ЕТУК мутахассис (ҳаётий муҳим соҳаларда) қолдириши кераклигини айтишган бўлишарди. Юксак фаросат соҳиблари ўлароқ улар ШУ ТОПДА АЙНИ КЕРАКЛИ ИШЛАР НИМА деган саволга тўғри жавобни дарров топган бўлардилар. Лоақал 10 мингта мусулмон ўзидан 10 мингта ЕТУК мутахассис етиштирса нима бўлишини улар дарров тушуниб олишарди.
Аминманки, ҳозирда мурожаат этиладиган, аввалги диний олимлар ўз замоналарида ёзган ҳукмлар ҳақида саҳобалар “булар аксар ўша замоннинг ижтиҳодлари, сизлар бошқа замонда яшаяпсизлар-ку” деб, бизларни уришиб берган бўлардилар. “Сизлар замонларингга қарамайсизларми? Қарамаганларинг учун бу аҳволга тушгансизлар!” деган бўлардилар.
Ўз даврининг модернистлари (ўша пайтдаги эски-туски нарсаларни улоқтирган) кишилар ўлароқ, улар бугун ҳам керакмас эски, замонга тўғри келмайдиган, яхшиликка, ривожга хизмат қилмай қўйган нарсаларни дарров идентификация қилиб, улоқтирган бўлардилар.
Хулқ-атвори Исломга тескари псевдоуламоларни улар, албатта, кетига яхшилаб, қаттиқ тепишарди, чунки динга душманлик қилишнинг бу услубдан кучлироғи йўқ.
Сараланган золимларни ўз кўзлари билан кўрган кишилар ўлароқ, улар ҳозиргиларга анча меҳрибон бўлиб, ВОҚЕЛИККА МОС даъват услубини танлаган бўлардилар. Чунки бизнинг жамият сифатли даъватни кам кўрган, ҳамда бизнинг замонда зулмат ёруғликдан ажралмаган – аралаш, ким кимлигини ажратиш имкони йўқ. Аммо энг асосийси – улар шахсий гўзал ўрнак билан Исломга даъват этардилар, хулқи ёмон “аҳли илм”ларни узил-кесил қоралаган бўлардилар.
Ҳозирги мусулмонларга баҳо беришаркан, улар, албатта, эркакларнинг жиддияти даражасини кўриб, лол қолишади: эркаклар умматнинг шунақа ачинарли аҳволида ҳам аталага ўхшаб, олди-қочди гапларни сотиб, маъносиз ишларни кўз-кўз қилиб ўтиришларидан хайрон қолишади.
Аминманки, 2022 йилга келиб ҳам саҳобалар авангард одамларга айланиб олишган бўлишарди. Консервацияни рад этишарди. Буни уларнинг тасарруфидан билса бўлади: Расул алайҳиссалом вафотларидан кейин у кишининг баъзи тасарруфларидан бошқачани лозим билишди. Масалан, пайғамбар алайҳиссалом аёлларни масжидлардан тўсмасликни айтган эдилар, саҳобалар ўзгарган Воқеликка қараб, бошқача ҳукм қилишди. Мисол бу бир. Демак улар учун Воқелик эътиборини қилиш биринчи ўринда турар эди, ва Исломни, Расул алайҳиссаломнинг суннатини айнан шундай тушунишар эди.
Мен шундай ўйлайман. Энди айтингларчи, ўйлашга инсон ҳақлими?
Muhammadshakur
Mahbublarga ulashing
@TaskinKitoblar _ Yaxshiliklar sari odim!
1.2K views11:27