Get Mystery Box with random crypto!

Европа Иттифоқига кириш тартиби Ассоциация шартномаси кўплаб | Ташқарида

Европа Иттифоқига кириш тартиби

Ассоциация шартномаси кўплаб соҳаларда қонунчилик нормалари яқинлашуви ва бирхиллашувини тавсия этса ҳам, аъзолик учун етарли бўлган бирхиллашув номзодлик статуси берилгачгина бошланади. Муқаддимада айтилганидек, айни пайтда Украина аъзолик учун ариза топширган ва Европарламент аъзолик мақомини беришни ёқлаган. Бироқ бу фақат тавсиявий характерга эга.

Украина номзод давлатга айланиши учун Европа Комиссияси таклифи билан Европа Иттифоқи кенгаши тасдиқлаши керак. Унгача Украина, шунингдек 3 мартда ариза топширган Грузия ва 4-мартда ариза топширган Молдова номзодликка аризачи мақомида туради.

Номзод мақоми берилиши турлича вақт олиши мумкин. Масалан 2016 йилда ариза топширган Босния ва Герцеговинага ҳалигача номзодлик мақоми берилмаган - ЕИ томонидан берилган махсус саволномада ҳали очиқ саволлар кўплиги сабабли Босния "эҳтимолий номзод" ҳисобланади.

Расмий номзод мақоми берилгач аъзолик бўйича музокаралар бошланади. Музокаралар мавзуси - 35 та йирик йўналиш бўйича норматив ҳужжатлар ва уларнинг ижроси ЕИ билан гармонизация қилинганини баҳолаш. Ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида боб очиб музокара қилинади ва талаблар бажарилган боблар бирма-бир ёпиб борилади. Барча 35 та боб ёпилгач, аъзолик шартномаси 27 та аъзо-давлатга ратификация учун юборилади. Тўлиқ ратификациядан кейин ЕИга расман аъзоликка қабул қилинади.

Шу пайтгача ариза топширишдан аъзоликка қабул қилинишга бўлган вақтни энг тез Финландия босиб ўтган - уч йил. Бироқ бу жараён ўртача 10 йил давом этади. Туркия 1999 йилдан буён аъзоликка номзод мақомига эга, унгача 10 йилдан ортиқ аризаси кўриб чиқилган. Айни пайтда Сербия, Черногория, Албания ва Шимолий Македония ҳам номзод давлатлар ҳисобланади.

Украина (шу билан бирга Грузия ва Молдова) аризаси уруш атрофидаги қалтис геосиёсий вазият билан боғлиқлиги туфайли алоҳида кўриб чиқилишига ва ЕИнинг 8 та аъзо-давлати томонидан аллақачон қўллаб-қувватланганига қарамай, тезкор равишда қабул қилинишини кутиш қийин. Ҳаттоки номзод мақоми тезда берилса ҳам, музокаралар йиллаб давом этади.

Бошқа томондан бу Европа Иттифоқи учун шу пайтгача қилган хатоларини тўғрилаш ва Украинага ҳақиқий ёрдам бериш учун имконият - ҳар бир йўналишни тўғрилашни мамлакатнинг ўзига қўйиб бермасдан кўмаклашиш орқали.

Россиялик машҳур ёзувчи Борис Акуниннинг баҳо беришича, айни пайтда вазият энг яхши ва энг даҳшатли сценарийлар орасида турибди - энг яхшиси бу Путин режимининг қулаши, энг ёмони эса ядро фожеаси. Шу энг ёмони бўлмаган тақдирда Украина тикланишида ЕИга номзодликнинг ўрни катта бўлади.

@tashqaridaUZ