2022-09-20 10:36:35
ХУШХАБАР
Азиз дўстим, иймон бизга Ҳақдан ато,
Қара, қандай хушхабар бор мўъминларга!
Икки жаҳон мўъмин топар бахту сафо,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Мўъмин ўлса, ўлмаганлар мотам тутар,
Ҳолбуки, у озод бўлиб, байрам тутар,
Кўп сирларни Аллоҳ биздан мубҳам тутар,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Ҳақ дўстлари ўлмас, дундан кечар фақат,
Битта уйдан бошқасига кўчар фақат,
Ер ҳам уни қувонч билан қучар фақат,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Рабби танлаб, ким Қуръонга ворис эрур,
Қуръон неча неъматларга боис эрур,
Ҳақ дийдори мўъминларга жоиз эрур,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Мўъмин қуллар яралмади фано учун,
Яралгандир абадият – бақо учун,
Тор ҳаётдан мангу диёр авло учун,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Мўъмин учун қабрлар ҳам топур зийнат,
Мункар-Накир овозида раҳму шафқат,
Ер онадек меҳрибонлик қилур, албат,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Гўр кенгаяр, яшилланар, шодлик – таъмин,
Аҳлига шод хабар бермоқ бўлар мўъмин,
Лекин «Тинчлан!» дея унга етар таскин,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Мўъмин банда ерга киргач, бор омонлик,
Буюк Аллоҳ қилур буюк меҳрибонлик,
Ям-яшил боғ ичра яшнар тўлин ойдек,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Олим бир зот вафот этса, илтифотдан –
Илмин Аллоҳ бир шаклга солур, зотан,
Муҳофаза этар гўрда махлуқотдан,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Кимки озор бермоқдан гар ўзин тиймиш,
Аллоҳ қабр қийноғидан сақлаб қўймиш,
Мозорда Ҳақ раҳматидан либос киймиш –
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Бир қабрда азон айтур муаззин соз,
Бир қабрда жавоб берур унга овоз,
Ҳақ дўстлари қабрида ҳам ўқир намоз,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Ер остида неча-неча сирлар пинҳон,
Тиловатлар эшитилур унда ҳар он,
Мўъмин қуллар ўз қабрида ўқир Қуръон,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Ким Қуръонни ёдлайман деб топмиш вафот,
Фаришталар унга Қуръон айлатур ёд,
Қорий бўлиб Раббисига боргай у зот,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Ҳар муждага Ҳақ раҳмати бўлгай асос,
Кафаним деб қайғурма, эй аҳли қиёс,
Мўъмин зотлар гўрда кияр гўзал либос,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Ҳақ меҳрибон, бул муждалар бешак бўлур,
Мўъминларга қабри юмшоқ тўшак бўлур,
Масрур ётиб, қиёматга илҳақ бўлур,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Ер остида бордир гўзал кароматлар,
Мўъмин қуллар топур лутфу ҳимоятлар,
Бир-бирини этар гўрда зиёратлар,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Ким маййитни зиёратлаб, берур салом,
Маййит уни таниб, алик олгай тамом,
Бу мулоқат сирри ниҳон, пинҳон калом,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Шаҳидларнинг руҳи – яшил қуш ичинда,
Яшил гумбаз, жаннат ичра дарё унда,
Олтин қандил, соя солган Арш тагинда,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга.
Мўъминларни ҳибс айлаган дунёсидир,
Унда жаннат: сут ва асал дарёсидир,
Ҳақ жамоли неъматларнинг аълосидир,
Ана шундай хушхабар бор мўъминларга!
Раббим Аллоҳ, муждаларга биз ишондик,
Сендан бошқа кимимиз бор, Сенга ёндик,
Сенга йиғлаб, Сендан фақат биз қувондик,
Яна қандай хушхабар бор мўъминларга?..
Раббим Аллоҳ, раҳм айлагил қул зорига,
Етказ бизни Ҳабибингнинг дийдорига,
Жаннат, жамол бирла сийлаб, асрорига,
Дегил: шундай хушхабар бор мўъминларга.
Мирзо, дунё ишларидан ғамгиндирсан,
Ғамгин бўлма, агар аҳли тамкиндирсан,
Нурга талпин, қара, нечоғ зангиндирсан,
Қара, қандай хушхабар бор мўъминларга!..
2005 й.
•┈❁✿❁┈•
@tasavvuf_haqiqati
•┈❁✿❁┈•
55 views07:36