Get Mystery Box with random crypto!

​ТАҚДИР ЎЙИНЛАРИ Катта опачам ўқишни битириб келгандан сўнг у | ⏳TAQDIR IZMIDAN⌛️

ТАҚДИР ЎЙИНЛАРИ

Катта опачам ўқишни битириб келгандан сўнг уйимизда тўйга пинҳона тайёргарлик кўрила бошлади. Акам, совчилар келиб қолади, деб уйимизни оқлаб чиқди. Онам, қўни-қўшниларни чақириб, ҳовлида пат, олача тўқий бошлади. Сингилларим ҳар куни сув сепиб, ҳовли супурар, саранжом сариштали уй совчилар келишига интиқ эди. Мен эса қўрадаги қўйларга ҳар доимгидан кўра кўпроқ шамак, бир ҳовуч бир ҳовуч ем берардим.
Опачамни болалигиданоқ бир қариндошимизнинг ўғлига бешиккертди қилиб қулоғини тишлатиб қўйишганди. Бу ишнинг бошида катта энам тургани учун, ҳеч ким онамнинг раъйини қайтаролмас, энам, ўлар чоғи борди-келдимиз узилиб кетмасин деб, онамнинг қулоғига қуйиб кетганди. Опачам содда, қўли ҳам, кўнгли ҳам очиқ, кўҳлик қиз эди. Уни сўраб-суриштирганнинг кети узилмас, лекин онам урф-одатларимизга содиқ қолиб,  бешиккертди қилинган  оиладан одам келишини кутиб, тонг отқизарди. Ниҳоят бир куни, онам опачамнинг йўлини бойлаб туришни истамай қариндош уруғлар орқали ўзи оғиз солиб юборди. Қариндошимиз ўша пайтда бой, уруғимиз ичида обрў-мартабали, онам ҳам шу уруғнинг вакили сифатида, албатта унинг раъйига қарар, шу билан бирга у билан қуда-анда бўлишни яширинча бўлса-да, орзу қиларди.  Ниҳоят жавоб  келди. Бой ота:
- Куя бойлаб, бит боқиб ўтирибди-ю, шуларни нимаси билан қуда бўламан, - дебди.
Буни эшитган онам қарғанди:
- Отаси уюб-уюб мол топганда, ҳаммаси уймалашиб ўтириб ер эди. Энди улар бой, биз камбағал бўлдикми?! Онамнинг юз хотирини қилиб, унга қиз бераман десам, у ноз қилдими?! Кўчада қиз тугул, тезак қолмайди, камбағалнинг пешонасига мол битмайдими? Уруғимни ўйласам, ўзагимни қирққани шуми? Қизимни шундай ерларга узатай, қизим кўрган тўйларни, ўғли қирқ йилда  кўрмасин. Бориб айтинглар, бир ҳафтадан кейин бизникига тўйга келаверсин. Мен қизимни ундан бойроқ, ундан мартабалироқ хонадонга узатаман, у келиб, тўйда офтобада сув кўтариб, хизмат қилади. Ўзи ҳам, ўғли ҳам бир умр пушаймонда ўтади.
Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Бир ҳафта деганда опачамни узатдик.  У бугунги кунда энг бахтли оилалардан бирининг бекаси. Унинг ўғли эса... Худо кибрлиларни қандай жазоласа, уни ҳам шундай жазолади. Улар ҳақида яна бир оғиз сўз айтсам, ўлганнинг устига тепган бўламан. Асосийси, ўша пайтдаги онамнинг важоҳати ҳали ҳамон эсимда. Оналар бундай важоҳатга кирган пайтда, сел келса симириб, тоғ келса кемириб юборар, дунёдаги ҳеч бир девор  тўхтатиб қололмас экан. Илоҳо,  фарзандлар бахти учун керакли пайтда она шер сингари бутун дунёга даҳшат солиб ўкираоладиган миллатимизнинг барча оналари шаънига шон шарафлар бўлсин! 

МУҲАММАД  ИСМОИЛ.

ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА