Get Mystery Box with random crypto!

Ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу Дунё ҳаётинин | Tabreziy_Rumiy.uz

Ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу Дунё ҳаётининг бир туш эканлигини ушбу мисолда гўзал англатганлар:

Кунларнинг бирида бир киши ҳаммомга кирди. Ҳаммомда ўртадаги супачада ётиб терлашини кутар эди. Бироздан сўнгра худди ўзига ўхшаган бир кишининг ҳаммомга кирганини кўрди. У одамнинг ёнида даллоклар (ҳаммом хизматкори), атрофида эса хизматчилари бор эди. Унинг ким эканлигини сўраганида, подшоҳ эканлигини айтишди. Уни ҳаммомнинг энг тоза ва яхши хонасига олдилар. Ўртадаги супада ётган киши, келган кишининг ўзига бунчалар ўхшашидан чуқур ҳайратда эди. Шу сабабдан қизиқиши ортиб, уни яқиндан кўрмоқчи бўлди. У ётган хонани очиб қараса, не кўз билан кўрсинки подшоҳ ўлиб ётарди. Фурсат ғанимат. Нима бўлса ҳам бу одам менга тамоман ўхшайди. Уни олиб бориб ўртадаги супачага ётқизайин, ўзим эса унинг ўрнида қоламан. Бироздан сўнг келган хизматчилар мени у деб ўйлайди, деб хаёлидаги режасини амалга оширди. Бироздан кейин ўйлаганидек даллоклар келиб, терлаб-терламаганини сўради ва уни яхшилаб чўмилтирдилар. Ишлар айнан у режалаштиргандек кетаётганидан жуда хурсанд эди. Чунки у бироздан кейин у подшоҳ бўлаётган эди. Кўнгилдагидек ювинтирганларидан кейин,  уни ҳаммомдан кийиниш хонасига олишди. Хизматчилар атрофида парвона эдилар. Шоҳона либосларини кийиб, ташқарида уни кутаётган аравага минди ва ғоятда муҳташам бўлган саройига борди. Подшоҳга жудаям ўхшагани учун ундан ҳеч ким шубҳаланмас эди. Сарой ичкарисига кирди. Атрофидаги хизматчилар, жориялар "қандай амрингиз бор, буюринг шоҳим" деб, амр кутишар эди. Аммо у ўзини йўқотмасдан, бемалол:
- "Уни бундай қилинглар, буни ундай қилинглар!" дея, атрофидагиларга амр қилар, мазза қилиб подшоҳликнинг кайфини сурар эди...
Кутилмаганда тўсатдан юзига  кучли тарсаки еди. Кўзини очиб қараса ҳаммомдаги тош супачада ётибди, фаррошлар келиб ҳаммомни тозалаш билан машғул эдилар. Ва унга қараб:
-"Тур-эй ўрнингдан! Қанақа одамсан ўзи, эрталабдан бери ётибсан! Шунча ётганинг етар, энди бориб ювиниб ҳаммомдан чиқ!" дейишди. Бечора одам билдики, кўрган-кечирганларининг барчаси туш экан. "Эй воҳ" дер эди, аммо қўлидан нима ҳам келар эди?

Дунё ҳаёти ҳам худди шундай тушдан иборат. Бир кун ухлаётган уйқунгдан Азроил алайҳис салом келиб уйғотади, аммо унда кеч бўлган бўлади.
t.me/TabreziyRumiy
Ўзини танимоқ истаган кўнгиллар учун...