Get Mystery Box with random crypto!

​Лайло шу тариқа қанча ўтирди билмайди, фақат у ойижонисининг | ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ

​Лайло шу тариқа қанча ўтирди билмайди, фақат у ойижонисининг овозидан чўчиб, ўзига келди.
-Қизим, нега ерда бу аҳволда ўтирибсан? Тинчликми?,– дея Зебохон ерда “дут-дут”лаб ётган гўшакни олиб, жойига қўйди.
-Ойижон, мен бахтли бўлмоқчиман,– қалтироқ оҳангда йиғламоқдан бери бўлиб деди Лайло.
-Асалим, Худо хохласа, сен албатта бахтли бўласан. Оллоҳимнинг карами кенг, сени баҳтдан бебаҳра қилмайди, Худо хохласа.
-Ойижон...... дадажонимни соғиндим.... Дадажоним агар тўйим бўлса мени оппоқ либосда турганимда пешонамдан ўпиб, дуолар қилиб кузатишлари – яккаю-ёлғиз орзуим....
Зебохон қизининг бу истагига қандай тасалли беришга сўз тополмай, лол қолди. Ўтган шу икки ярим йил ичида суюкли ёри Ойбекжонни бирор марта ҳам кўрмаган, овозини эшитмаган, нафасини ҳам туймаган Зебохон уни бир мартагина узоқдан бўлса ҳам кўришга жонини беришга ҳам тайёр эди....
Она-бола беун, бир-бирларини қаттиқ қучган ҳолда йиғлар эдилар...
-Юрақол қизалоғим, эртага ишларимиз кўп. Ҳозир кириб дам олишимиз керак.
Меҳмонхонадан чиқиб кетаётган Зебохонга Лайло беиҳтиёр эргашди.
-Лайло, Лайлохон, тур қизим. Учрашувга кеч қоласан. Юз-қўлларингни ювда, кийиниб нонуштангни қил.
-Хўп бўлади.
Ювиниб, тараниб, тайёр бўлган Лайло нонушта қилиш учун ошхонага кирди. Кечаси қизини дам оламиз деб хонасига киргизиб юборган Зебохоннинг уйқуси келмай ажойиб нарсалар пишириб, тунни ўтказганди.
-Кел қизим, ўтир. Яхши дам олдингми?
-Раҳмат ойижон. Ўзингиз ҳам яхши дам олдингизми?, - ойисининг юз-кўзларидан умуман дам олмаганлигини сезиб турсада, сўрадиЛайло.
-Яхши. Қизим, сенда гапим бор. Бугун учрашувга боришинг кераклиги ҳақида хабаринг бор. Лекин... агар ҳохламаётган бўлсанг, мен сени мажбур қилмайман. Ҳаётга бир марта келамиз ваҳар бир инсон суйган ошини ичиши керак. Сен қандай қарорга келсанг, мен сен тараф.
Ойижонисининг гапларидан хурсанд бўлган Лайло ҳудди шу вақтнинг ўзида Ботирнинг қилмишларидан ҳўрлиги ҳам келиб, “нима бўлса бўлди, Оллоҳга таваккал” деб ўйлади-ю:
-Ойижон, мен албатта учрашувга чиқаман. Пешонамга ёзилгани бўлади. Мен ҳеч ҳам қарши эмасман,– деди қатъият билан.
Ойиси Лайлонинг бу гапларидан қувониб кетди. Чунки унга йигитнинг онаси жуда ёққанди. Охирги пайтларда қизини турмушга бериб орзу-ҳавасини кўрмоқчи, тезроқ набираларини бағрига босиб кўнглининг кемтикларини тўлдирмоқчи бўлиб юрганди.
-Ундай бўлса, тайёрлангинда, олдимиздаги ҳиёбон ичидаги “Висол” кафега борақол. Йигит қора костюм-шимда қўлида оқ атиргуллар билан турадиган бўлди.
-Ойи, исми нима экан?
-Вой, ўлмасам... Исмини сўраш ёдимдан кўтарилиб қолибди. Ҳечқиси йўқ, қўлидаги гули ва кийимидан таниб оларсан. Ҳа айтганча қизалоғим, анави лола гулли қора кўйлагинг бор-у, ўшани кийиб ол. Совчиларга сени шу кўйлакда бўлади деб айтгандим. Ўзиям шу кўйлагинг сенга жуда ярашади-да.
-Ойижоним-ей, энди у бола билан бир-биримизни кийимимиздан қидириб юрамизми?
-Борақол, кийин. Кеч қолишинг мумкин.
Онаси айтганидек, лола гулли қора кўйлагини кийган, сочларини чиройли турмаклаган ва қош-кўзларини бирозгина бўяган Лайло баҳор гулидек очилиб кетганди. Лайлони кўрган Зебохон “қизимни ёмон кўзлардан Ўзинг асра” деди-ю, секингина суфлаб қўйди.
Лайло юраги тубидаги шодликдан негадир хурсанд эди.
Оллоҳдан узоқ умр, бахт-саодат, саломатлик тилаб, қизининг пешонасидан ўпиб учрашувга кузатар экан Зебохоннинг кўзларидан маржон-маржон ёш оқди. Кўз ёшини яширишга ҳаракат қилиб: -Яхши бориб келгин,– қисқагина гапириб, тезлик билан қизи ортидан эшикни ёпди-ю, ичкарига кириб тўйиб-тўйиб йиғлаб олди.
Шу пайт эшик қўнғироғи асабий жиринглади.
“Ким бўлди экан бу?” деган ўй билан Зебохон эшик туйнугига қаради. У ерда эса, Маҳзунахон у ёқдан бу ёққа бесабрлик билан юрарди. Зебохон истамайгина эшикни очиб:
-Ассалому алайкум, келинг қўшни,– деди.
-Вой, вой, вой-ей. Намунча қўшни?! Ғафлат уйқусида ухлаб ётибсизми дейман? Бир соатдан бери кутавериб тоқатим тоқ бўлди-ю?
-Тинчликми, нима бўлди Маҳзунахон?
-Ўша-да, айтишадику “дунёни сув босса ўрдакка нима ғам” деб. Бу ёқда нима гаплар бўляпти-ю, бу кишим бехабар бемалол ухлааааб ётибдиларрр.

Давоми бор

https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg