Get Mystery Box with random crypto!

-Вой, Маликахон, гап билан бўлиб қизнинг суратини ҳам сўрамабм | ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ

-Вой, Маликахон, гап билан бўлиб қизнинг суратини ҳам сўрамабмиз-а?
-Шуни айтинг, дугонажон. Шунақанги ажойиб аёл эканлар-ки, улар билан мароқ билан гаплашиб ўтириб, ҳамма нарсани унутиб юбораёзибман.
-Айтманг. Ҳақиқатдан ҳам. Қуда бўлса, арзигулик эканлар. Сизга жуда ҳавасим келди. Лекин учрашувни нима қиламиз, болаларимиз бир-бирларини қандай таниб оладилар?
-Қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, Ботиржон костюм-шимда, қўлида оппоқ атиргуллар билан кутиб туришлигини айтиб қўйинг. Қиз ўзи топиб олаверади.
-Жуда романтиксиз-да, дугон. Ҳай майли, сиз айтгандек бўлақолсин.
......
Маликахон ўзида йўқ хурсанд эди. Уйига келиб, ўғлининг ишдан қайтиб келишини бесабрликбилан кутиб ўтирар, аксига олиб соат миллари ҳам ҳудди бир жойда қотиб, вақт ўтмаётгандай бўлиб туюларди.
-Ассалому алайкум.
-Ва алайкум ассалом. Келдингми? Кел ўғлим, ёнимга ўтир. Сенда жуда зарур гапим бор.
-Тинчликми ойижон, хурсандсиз?
-Ботиржон, болам, биласан икки йилдан бери сени уйлантириш ниятида қиз ахтариб юрибман. Оллоҳга беадад шукрлар бўлсин-ки, бугун шу ниятимга етдим. Орзуимдаги келинимни учратиб, Сайёра холанг билан ўша қизнинг уйига бориб уй-жойлари, ота-онасини кўриб келдим. Жуда яхши, ажойиб инсонлар экан. Ойиси билан сен ва қизнинг уч кундан сўнг кўриштиришга келишиб ҳам олдик.
-Нима???, – Ботирнинг кўз олди қоронғулашиб кетди. “Ахир бу нимаси? Энди нима қиламан?! Ойимга Лайло ҳақида қандай айтман? “ деган ўйлар гирдобида, беиҳтиёр: – Мен ҳозир уйланмайман!, – деб юборди.
-Тушунмадим?! Нимага уйланмайсан? Бу нима деганинг?
-Ойи, ойижон ахир уйланадиган, ўша қиз билан бир умр яшайдиган мен бўлсам нега мен билан бир оғиз ҳам маслаҳатлашмай келишиб келдингиз?!
-Ботиржон, ахир мен сенинг тўйингни белгилаб келдим деганим йўқ-ку?! Аввал қиз билан кўриш, ёқса уйланасан, ёқмаса .... Агар кўнглингда бирортаси бўлса ҳам менга айтавер, уни ҳам кўравераман.
Ботир ойижонисининг гапларини эшитиб, кўнгли бироз бўлса-да таскин топди. Демак, “агар ёқса...” дедилар, ёқмаса – бўлди экан! “Ёқмади дейман, гап тамом – вассалом! Кейин эса, бир дақиқага ҳам чўзмай, ойижонимга Лайлом ҳақида айтаман!” деб ўзига-ўзи қарор қилди.
Онасини олдиндан ранжитгиси келмаган ва ўзича қизнинг ёқмаганлигини баҳона қилишга аҳд қилган Ботир бу сафар ҳам Лайло ҳақида сўз очолмади...
Ботир ва Лайло ўзларининг жонажон қаҳвахонасида музқаймоқ еб ўтиришар экан:
-Ботир ака, уйга совчилар тинмай келяпти..., – деди Лайло минг истиҳола билан ийманиб.
-Йўғ-е, мени ташлаб кетасизми?, – деди Ботир ҳазиломуз оҳангда, ичидан бостириб келаётган ғалаённи бостириш мақсадида.
-Бу нима деганингиз?!, – Лайлонинг овози қалтираб кетди. “Наҳотки ҳали ҳам мен ҳақимда уйдагиларига бир оғиз айтмаган бўлса? Нега энди икки йилдан буён “ана совчи жўнатаман, мана совчи жўнатаман” деб мени алдаб келяпти? Мақсади нима ўзи?” деган ҳаёллар гирдобида қолган Лайло жим бўлиб, ерга қараб қолди.
Ботир эса вазиятни юмшатиш учун, яна ҳазил қилмоқчи бўлиб:
-Нима демоқчилигимни наҳот тушунмаётган бўлсангиз? Агар йигит ёқиб қолса, мени ташлаб, унга тегиб кетаверасизми деб сўраяпман.
Лекин Ботирнинг навбатдаги бу ҳазили Лайлонинг ҳозирги ҳолати учун жуда ноўрин эди. Шу сабаблими, унинг ҳазилларини нотўғри тушунган Лайло даст ўрнидан туриб, кетиб қолди.
-Лайло, Лайло тўҳтанг! Қаерга?!
Ботирнинг гапларини эшитмасликка олган Лайло ташқарига шошиб чиқди-ю, йўловчи машинани тўҳтатди.
-Ака, илтимос тезроқ ҳайданг, – дея ҳайдовчига уй манзилини айтди.
Ботир аввалига Лайлонинг бу қилиғидан ҳафа бўлгандек бўлди-ю, кейин уни тушунди. “Тўғрида, икки йилдан бери мендан унга уйланиш ҳақида садо чиқмаётган бўлса.... аввалига ўқишингни тамомлаб ол дедим, мана олийгоҳини ҳам тамомлаб олди. Лекин барибир мен ҳалигача ҳаракат қилмаётган бўлсам. У бечора нима ҳам қилсин?!” деган ўйлар билан Лайлони оқлади.
-Ҳай майли, Лайложон. Шунча кутдинг, яна бироз кут. Худо хохласа, уч-тўрт кунда ҳаммасини ҳал қиламан. Онажонимга сен ҳақингда айтиб, сеникига совчилар юбориб, сени хурсанд қиламан. Биз бирга бўламиз ИншаОллоҳ!