Get Mystery Box with random crypto!

​ Яна бир аёл вафоти ИИВ ва Бош прокуратуранинг хабар беришич | Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)

Яна бир аёл вафоти

ИИВ ва Бош прокуратуранинг хабар беришича, жорий йилнинг 10 июнь куни Тошкентда Х.О билан шаръий никоҳда бўлган 35 ёшли аёл вафот этди. ИИВ берган маълумотга кўра, аёл эрта саҳардан кучли бош оғриғи ҳамда тўхтовсиз қайд қилиш оқибатида, турмуш ўртоғи тез ёрдамга мурожаат қилган. Тиббиёт масканида кўрсатилган муолажаларга қарамасдан аёл шу куни соат 09:45 да вафот этган. Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, аёл яшаш уйида вафот этган.

ИИВ хабар беришича, ўтказилган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлга «Чап тухумдон кистаси, ички кон йўқотиш, тухумдон ва бачадон ташқи ҳомиласи, ички қон йўқотиш, ички аъзолари кам қонлиги» ташхиси қўйилган. Бош прокуратура матбуот хизматининг аниқлаштиришича, дастлабки тергов натижалари бўйича 2022 йилнинг 14 июль куни жиноий-процессуал қонунчиликка мувофиқ жиноий иш қўзғатилиши рад этилди. Лекин 3 август куни мазкур қарор бекор қилиниб, иш навбатлаги судга оид тиббиёт экспертизага юборилдди.

Катта эҳтимол билан ишни ўрганганларнинг ҳаммаси эркаклар бўлган. Бачадонида кисталар ёки бачадон ва тухумдонлар ташқи ҳомиласи бўлса, аёл ўзини қандай ҳис қилишини билишмайди. Уларнинг фикрича, бу тўсатдан содир бўлади ва ҳеч қандай аломатлари бўлмайди. Улар экстремал ҳолатдан анча олдин пайдо бўлади. Оғриқ, тос бўшлиғидаги ноқулайлик, тез-тез сийиш, оғриқли ҳайз кўриш ва ҳоказо. Ўз вақтида текширилса ва даволанса, ўлимга олиб келмайди.

Тергов жараёнида бу аёлнинг мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши ҳақида саволлар туғилдими? У охирги марта қачон ва қайси шифокорларга борган? Қандай текширувлардан ўтган? Керакли даволанишни олганми? Эрталабки шикоятлардан қанча вақт ўтгач, улар тез ёрдам чақиришди? Агар терговчи бундай саволларни бермаган бўлса, унинг малакаси ва ўз лавозимига мувофиқлиги ҳақида шубҳалар мавжуд (коррупция омилини истисно қилган ҳолда).

Оиладаги зўравонлик бу доимо калтаклаш дегани эмас. Бу назорат! Ҳаракат, мулоқот қилиш, пул сарфлаш, шифокорларга ташриф буюришни назорат қилишдир. Оилавий зўравонлик ҳолатларида бўлган аёлларга шифокорларга боришга рухсат берилмагани, даволанишига рухсат берилмаганлиги, ҳаётий эҳтиёжлари эътиборга олинмаганлиги сабабли ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги мумкин. Ўзбекистон Жиноят кодекси эса бундай жиноятни жазолаш имконини беради:

«117-модда. Хавф остида қолдириш
Ҳаёти
ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, — уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, — икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Агар аёл калтакланмаган бўлса-да, лекин тиббий хизматлардан фойдаланиш чекловига учрагани учун вафот этган бўлса, эр ва унинг оиласи уни атайлаб хавф остида қолдирган, бу эса ўлимга олиб келган. Ва улар бунинг учун қонун доирасида тўлиқ жавоб беришлари керак. Бош прокуратура назоратида бу иш қандай якунланишини интиқлик билан кутамиз. Биз #АдолатТалабҚиламиз.

#СукутСақлама #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #Қонунлар