Get Mystery Box with random crypto!

​Психологик таскин (аффирмация)дан кейин ҳам соғайиб кетмадим | Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)

​Психологик таскин (аффирмация)дан кейин ҳам соғайиб кетмадим ёҳуд нима учун психосоматикага бунчалик қаттиқ ишониб бўлмаслиги ҳақида
Психосоматик тиббиёт инсоннинг жисмоний саломатлигига психологик омилларнинг таъсирини ўрганади. Аммо сўнгги вақтларда психосоматиканинг аҳамияти бироз бўрттириб юбориляпти, дея ҳисоблашмоқда баъзи мутахассислар.

Уларнинг таъкидлашича, ушбу атама одамлар орасида қанчалик оммалашиб боргани сари, шунчалик самараси камайиб бормоқда ёки акс таъсир қиляпти. Афсуски, бу соҳада профессионал бўлмаган сохта мутахассислар ҳам учраб туради, уларнинг нотўғри, лекин оммалашиб кетган жавоблари, маслаҳатлари туфайли фойдадан кўра зарари кўпроқ кузатилади. Бунга мисоллар келтирамиз.

«АФФИРМАЦИЯЛАРНИ ЎҚИБ ЧИҚДИМУ, ЛЕКИН СОҒЛИҚ ҚАЙТМАДИ»
Баъзи бир муаллифлар касалликка қарши курашиш учун медитация ва аффирмацияларни таклиф қилишади. Баъзида бу чиндан ҳам фойда беради. Лекин унинг ўзи етарли ҳисобланмайди. Аффирмациядан ягона ёки асосий даволаниш йўли сифатида фойдаланиш ярамайди. Агар бу йўл самарали деб ҳисобласангиз, уни даволанишга қўшимча сифатида қўлланг.

«ХАФАЛИКНИ АРИТДИК, ЛЕКИН ЦИСТИТ ЎТИБ КЕТМАДИ»
Замонавий психосоматика нуқтаи назаридан касаллик маълум бир биологик моҳиятга эга бўлади ва тананинг бирор вазифага мослашуви тарзида кўриб чиқилади.
Масалан, цистит кўпинча оила ёки яқинлар даврасидаги зиддиятлар билан боғлиқ бўлади, дея ҳисобланади. Аммо ҳар доим ҳам эмас. Атрофдаги барча инсонлар билан хафаликларингизга барҳам берсангиз ҳам цистит ўтиб кетмаслиги мумкин. Ҳар бир муаммо билан ишлашда аввало унинг илк сабабини бартараф этиш керак. Фақат юзаки масалалар билан курашишнинг ўзи етарли эмас.

«САБАБИНИ ТУШУНДИМ, ШУ ЕТАРЛИМИ?»
Психосоматика мутахассислари беморлар касалликка сабаб бўлган белгиларни эсга олишганда, соғайиб кетишганини кузатишган. Аммо амалиётда бироз бошқача. Фақатгина сабабни эсга олиш етарли эмас. Муаммони ўрганиб, уни бартараф этиш йўлларини излаш керак.

Масалан, бир қиз спорт машғулотларига боришни хоҳламаяпти, аммо ҳижолат тортиб бу ҳақда мураббийига айта олмади. Тиббий кўрикда унга гипотиреоз ташхисини қўйишди ва барибир машқлардан четлаштиришди. Энди қиз сиқилмаса ҳам бўлади, машғулотлардан озод бўлди. Лекин соғлиғига путур етди. Ваҳоланки, унгача олиб бормасдан, муаммони бошида бартараф этиш мумкин эди.

«ПСИХОЛОГДАН КЕЙИН АҲВОЛИМ ЁМОНЛАШДИ»
Чиндан ҳам симптомлар билан ишлаганда касаллик зўраяди. Лекин бундан қўрқиш керак эмас. Гап шундаки, тўқималарнинг тикланиш жараёни ёқимсиз бўлади. Буни «касалликнинг зўрайиши эвазига шифо топиш» дейишади.

Энг муҳими, шифокорингиз ёки психологингиз билан ишончли муносабат ўрнатинг. Шубҳа ёки ишончсизлик самара бермайди.

ҲАММА КАСАЛЛИКЛАР ҲАМ МИЯ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛАВЕРМАЙДИ
Тор доирадаги ихтисослашган шифокорлар стресснинг касалликларда катта роль ўйнамаслигини айтишлари мумкин. Психосоматика билан шуғулланадиган баъзи мутахассислар эса истисносиз барча ҳолатларда психоген сабабларни келтиришади.

Инсон жуда мураккаб мавжудот. Фақат ўзаро мулоқот ўрнатиш ва билим алмашиш орқали турли соҳалардаги мутахассислар ушбу тизим ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлишлари мумкин.

Психосоматикани сеҳрли фазилатларга ўхшатиш ёки мукаммаллаштириш шарт эмас - бу психика орқали тана белгилари билан ишлаш учун восита холос. Мия ва тана муносабатини белгилайдиган маълум бир қонуниятларни тушуниш керак, шунда на тушунмовчилик, на ғалати мўъжизалар бўлмайди.

Саломат бўлинг!

#СукутСақлама #психология #лойиҳадан