Get Mystery Box with random crypto!

*** Сен яшар кўчадан мастона юрдим, Толига суяниб энтикдим-тур | Izhor | Quvonch Bek

***
Сен яшар кўчадан мастона юрдим,
Толига суяниб энтикдим-турдим.
Мен кўрган маконни кўнглимга солиб,
Энг ёруғ, энг тоза бир дунё кўрдим.

Сен яшар кўчанинг тошлари кўпдир,
Тошига тўкилган ёшлари кўпдир.
Ҳар битта тошидан сени сўрасам,
Бекинган дардингнинг фошлари кўпдир.

Сен яшар кўчада бир йил кун бўлди,
Сўнгра асрлардан узун тун бўлди.
Соғинчнинг ҳолидан бир бор ҳабар ол
Тун ичра ўксиниб, бағри хун бўлди.

Сен яшар кўчанинг бир эшиги берк,
Эшикни очолмас на гадо, на бек.
Кимга очилади, ўзи билади
Қулфини очиб қўй – эшикка бер эрк.

Сен яшар бу кўча энг севимли байт,
Ёдаки ўқийман – юрагимда қайд.
“мен билан юр” десам – сенсиз юрмайди,
Бу сенсиз кўчани нима қилай, айт?

Сен яшар кўчага бўлмайди тўйиб,
Уни олиб кетдим, елкамга қўйиб.
“Оҳ” урсам, эсимга тушган чоғларинг,
Йиғлай… Деворига бошимни қўйиб...

Усмон Азим
Қувонч Бек

@sukunatdan_keyin