Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугун бахтни кўрган шоирнинг дунёга келган куни! Ўзбек адаби | Suhrob Ziyo

​​Бугун бахтни кўрган шоирнинг дунёга келган куни! Ўзбек адабиётининг бахтига, миллатнинг бахтига омон бўлсин!

Усмон АЗИМ

БАХТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ўрдада ногаҳон келган рўбарў.
Қиш куни. Палтога олган ўраниб,
Бесас бир ҳайратда қотганман: – Вой-бў!..

Йўлкалар четида баланд чинорлар,
Қатор тизилишган. Беҳаракат. Жим.
Донг қотган бекатлар, қорлар, шиорлар...
Аммо бахт эканин билмаган – ҳеч ким.

Бахт жуда чиройли эди! Чиройли!
Чиройли! – совуқда юзин яшнаши.
Ҳатто қор пойида ғирчиллар эди,
Танини эзса ҳам ўткир пошнаси.

Юзи теграсида рўмоли – туман.
Бир учи кифтига ташланган эди.
Лолликдан бошқа ҳол бўлган эди манъ –
Уни кўриб бу иш бошланган эди.

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ҳатто кўзларимиз учрашган бир зум.
Ўртада бўлмаган салому алик,
Фақат лабларига қўнган табассум.

Шу тарз ўтиб кетган ёнимдан. Ташхис:
Жоним чиқмасликка у дам яраган.
Ўгрилиб қарасам, ортимга илкис,
Ишонинг-ишонманг, бахт ҳам қараган!

Шундан буён менга бу дунё бир пул!
Номард ғалвалари беролмас озор.
Юрагим эрта-кеч шеър билан машғул –
Бахтни учратганман! Нима ғамим бор!

Ёниб кириб келсам (юришим – сарбаст!) –
Фасод давраларга – ғийбат тинади,
Ахир, менга ҳеч ким келолмайди бас –
Бахтга дуч келганим барча билади.

Мардлигим билишар (дўсту ёв огоҳ!):
Нечун “юр” деб бахтни қистамаганман,
Бахтни этмаганман не учун ҳамроҳ?..
Бебахт бўлишини истамаганман.


@suhrob_ziyodov