Get Mystery Box with random crypto!

​“Тез ёрдам”га мурожаат қилганларнинг атиги 9 фоизи госпитализ | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

“Тез ёрдам”га мурожаат қилганларнинг атиги 9 фоизи госпитализация қилинган. Бу нимани англатади?

Яқин йилларгача халқимиз “Тез ёрдам” фаолиятидан мутлақо норози эди. Ҳали ҳам бу соҳа камчиликлардан тўлиқ холи, дея олмаймиз. Аммо ўтган беш йилда “тез ёрдам” шохобчалари ҳам, тез тиббий ёрдам бригадалари ҳам, хизмат машиналари сони ҳам кескин кўпайгани факт.

Тез тиббий ёрдам бригадаларининг хизмат кўрсатиш радиуси ўртача 15-20 км.дан 8-12 км.гача қисқаргани, кечикишлар кўрсаткичи 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайгани катта ютуқ.

Лекин шунга қарамай, ҳануз тиббий ёрдам хизмати юклама билан ишлашга мажбур. Нега?

Сўзимизни рақамлар билан тасдиқлашга ҳаракат қиламиз. 2021 йилнинг ўн бир ойи давомида юртимиз аҳолиси томонидан “103” хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 11 миллион 604 минг 292 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1 миллионга кўп.

Энг кўп чақириқлар Фарғона (1 373 997 та), Андижон (1 288 543 та) ва Тошкент (1 147 892 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринда Тошкент шаҳри — 1 146 005 та мурожаат.

Энди асосий масалага келсак. Мисол учун, Европа мамлакатларида “Тез ёрдам”га чақириқларнинг аксарият қисмида бемор госпитализация қилинади. Содда қилиб айтганда, шифохонага шошилинч равишда ётқизиш учун зарурат бўлмаса, одамлар бу хизматга беҳуда сим қоқмайди.

Ўзбекистонда-чи? Юртимизда шу йил бошидан 1 декабрга қадар “Тез ёрдам” хизмати орқали 11 миллион 422 минг 63 нафар беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шулардан 1 миллион 49 минг 221 нафари госпитализация қилинган. Кўряпсизми, бизда шифохоналарга ётқизиш кўрсаткичи бор-йўғи 9 фоизга тенг!

Яъни 90 фоиздан зиёд ҳолатда беморларга жойида тиббий хизмат кўрсатилган. Бу эса “Тез ёрдам”ни чақирадиганларнинг аксарияти аслида “103” ёрдамига муҳтож эмаслигини англатади.

Тўғри-да, иситмаси 37,5-38 даражага кўтарилган беморни тез тиббий ёрдам бригадаси шошилинч равишда шифохонага олиб бориши керакми? Ваҳоланки, ҳарорат кўтарилиши турли касалликларнинг бошланиши аломати бўлиши мумкин!

Буни аниқлаш учун аввал дори ичиб иситмани тушириш, кейин профилактика ёки даволаш муассасасига бориб, чуқур тиббий текширувлардан ўтиш лозим. “Тез ёрдам” ходимларида эса бундай диагностика хизматларини кўрсатиш имконияти, табиийки, йўқ.

Натижада тиббиёт бригадаси вакиллари беморга, нари борса, ҳароратни туширувчи “укол” қилиб қайтади. Қон босими меъёридан сал ошган ёки тушган беморларга нисбатан ҳам юқоридаги мисолни қўллаш мумкин.

Ҳар бир асоссиз чақириқ учун ҳам давлат ҳисобидан маълум харажатлар сарфланади. Бу — халқнинг, яъни сизу биз, барчамизнинг пулимиз. Қолаверса, тиббиёт ходимларининг вақти беҳуда йўқотилади. Энг ёмони, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бошқа беморларга хизмат кўрсатиш қамрови пасаяди.

Шундай экан, “103” рақамини теришдан аввал яна бир бор ўйлаб олайлик. Биз чиндан ҳам тез тиббий ёрдамга муҳтожмизми?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати

@ssvuz
@ssvmatbuotkotibi