Get Mystery Box with random crypto!

​ССВ: Ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширалар Россиянинг нуфузли т | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

ССВ: Ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширалар Россиянинг нуфузли тиббиёт марказида малака оширмоқда

Бугун тиббиёт соҳасида дунёнинг илғор мамлакатларидан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Айниқса, Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон каби давлатлар тажрибасини эътироф этиш жоиз.

Шундай экан, соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон тиббиёти учун жуда муҳим.

Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбари шу йилнинг ноябрь ойида Россия Федерациясига ташрифи чоғида бу йўналишда ўзаро алоқаларни ривожлантириш, хусусан, тиббий таълимга доир қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш масаласига алоҳида тўхталган эди.

Қолаверса, Президентимизнинг жорий йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида ҳам ўзбекистонлик ёш мутахассисларни хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказларида малака оширишини йўлга қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг ўзида 100 нафардан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис Германия, Жанубий Корея, Россия, Туркия каби тиббиёт соҳаси тараққий этган мамлакатларга малака ошириш учун юборилди.

Эътиборли жиҳати, кардиохирургия, нейрохирургия, эндокринология, урология, нефрология, онкология каби қатор йўналишларда тажриба орттирган ушбу мутахассислар бугунги кунда ўз билим ва малакаларини юртимиз тиббиёт тизимини янада ривожлантиришга йўналтирмоқда.

Ана шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида куни кеча Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг 2 нафар шифокор-морфологи ҳамда 5 нафар ҳамшираси Россиянинг Д. Рогачев номидаги Болалар гематология, онкология ва иммунология марказига малака ошириш учун юборилди.

Шу ўринда савол туғилади: хўш, тажриба алмашиш учун нега айнан ушбу марказ танланди?

Гап шундаки, Д. Рогачев номидаги тиббий тадқиқот маркази болалар гемотологияси ва онкологиясини ривожлантириш бўйича Россиянинг “локомотив”и ҳисобланади.

Мазкур нуфузли тиббиёт муассасаси негизида ўткир лейкемия, қаттиқ ўсма ва марказий асаб тизими ўсмаларини даволаш бўйича қатор тадқиқотлар ўтказиш йўлга қўйилган. Эътиборли жиҳати, бунинг натижасида ўткир лейкемияга чалинган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи касалликдан буткул соғаймоқда.

Айтиш жоизки, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу марказда малака ошириш дастури беморларни парвариш қилиш, цитостатик препаратларни тайёрлаш, ёрдамчи даво ўтказиш, беморларни пункцияларга тайёрлаш, болалар гематология ва онкологияси бўйича стандарт операцион муолажалар тартибини ўзлаштиришни ўз ичига олади.

Шунингдек, морфолог-шифокорлар дастури халқаро классификациялар бўйича ташхислаш ва янги диагностика усулларини ўрганишдан иборат. Курслар назарий ва амалий қисмларни ўз ичига олиб, мутахассисларнинг касбий малакасини янада оширишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мамлакатимиздаги 11 та олий таълим муассасасида тиббиёт мутахассислари тайёрланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi