Get Mystery Box with random crypto!

Ўткир диарея: Организмнинг сувсизланиши болаларда сурункали бу | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

Ўткир диарея: Организмнинг сувсизланиши болаларда сурункали буйрак етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин

(Давоми)

Шаҳло Исамуҳаммедова,
Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар
шифохонаси бош шифокори
:

— Ўткир диарея, яъни ич кетиши кичик ёшдаги болаларда кўп учрайди ва улар саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин. Aйниқса, камқонлик, рахит, йод танқислиги бўлган ўғил-қизларда хасталикка мойиллик кўпроқ кузатилади.

Касаллик бемор ҳолати ва организмга тушган микроб ёки вирус хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин.

Болаларда оғир кечиши сувсизланиш билан боғлиқ бўлиб, агар бола қусаётган, ичи 5-8 маротабадан кўп келаётган ва тана ҳарорати 38 дан юқори 39 гача кўтарилаётган бўлса, бу ҳолат унда жуда тез сувсизланишга олиб келади. Ўз вақтида унинг ўрни қопланмаса, фалажлик, инфекцион-токсик шок, нейротоксикоз, ичаклар буралиб қолиши, ўткир буйрак етишмовчилиги, ўпка ва мия шиши, ҳатто, ўлим ҳолатига сабаб бўлиши мумкин.

Бу касаллик, айниқса, гўдаклар ва 3 ёшгача бўлган болалар учун жуда хавфли. Аммо уни даволаш ва олдини олиш мумкин. Шу боис болаларда ўткир диарея кузатилса, тезроқ шифокор қатъий назорати остида танада йўқотилган сув ўрни ўз вақтида қопланса, организм яна нормал ҳолатига қайтади.

ЖССТ болаларда диареянинг хавфлилик даражасини билиш учун тўрт нарсага эътибор қаратиш зарур дея тавсия беради. Яъни, боланинг ҳолсизланиб қолиши, кўз атрофи ва қовоқларнинг осилиши ҳамда кўкариши, қорин соҳасида тери чимчиланса, тезда асл ҳолига қайтмаслиги, сув ичишни кескин рад этиши. Ана шундай ҳолатлар диареянинг оғир даражасидан далолат. Бундай вазиятда зудлик билан “Тез ёрдам” чақириб, болани шифохонага етказиш лозим.

Ёдда тутинг! Ичбуруғни даволашда ўзбошимчалик билан антибиотикларни қўллаш асло мумкин эмас. Чунки бу ҳолат вазиятни янада оғирлаштириши ва ўткир диареяга дисбактериоз хасталиги ҳам қўшилиши мумкин.

Шундай экан, ота-оналар ёз мавсумида болаларининг овқатланиш рациони, улар истеъмол қилаётган маҳсулотлар сифати, яроқлилиги, хавфли бактерия ва вируслардан холилигига ҳамда фарзандлари озодалилигига ниҳоятда эътиборли бўлишлари керак.

Бунинг учун қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, қайнатилган сув ичиш, сабзавот ва мевалар, резаворларни ишлатишдан олдин қайнатилган сувда яхшилаб чайиш, иссиқ овқат тайёрлашда гигиена қоидаларига риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, тез бузиладиган егуликларнинг яроқлилик муддати ва сақлаш шартлари, хомашё ҳамда пиширилган таомларни алоҳида сақлаш лозим.

Шунингдек, гўшт, тухум ва денгиз маҳсулотларини яхшилаб қовуриш ёки қайнатиш, тез бузиладиган егуликлар ва тайёр таомларни музлатгичда сақлаш, янги пиширилган овқатни олдинги кун қолдиқлари билан аралаштирмаслик зарур. Агар пиширилган таом яна бир кун қолса, уни истеъмол қилишдан аввал иссиқлик билан ишлов бериш (қайнатиш ёки қовуриш) керак.

Бундан ташқари, чивин ва суваракларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, уйда доимо тозаликни сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, пишириш учун фақат янги маҳсулотлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram