Get Mystery Box with random crypto!

Рақамлаштириш туфайли шифокор бор диққатини беморларни самарал | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

Рақамлаштириш туфайли шифокор бор диққатини беморларни самарали даволашга қаратмоқда

Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятига рақамлаштириш тизимининг фаол татбиқ этилиши тиббиёт ходимларининг иш самарадорлиги ошиши ва беморларга қатор қулайликлар яратилишига хизмат қилмоқда.

Марказда даволанмоқчи бўлган бемор ушбу тиббиёт муассасасига келмасдан туриб, мазкур тизим билан қамраб олинади. У уйида ўтириб ҳам, онлайн тизим ёрдамида аввалдан ташриф учун ўзи истаган вақт ва шифокорни танлаши мумкин. Ўтган йили ишга тушган ва 24/7 режимида ишлаб турган Call марказга қўнғироқ қилиш орқали бемор керакли маълумотларни олиб, шифокор қабулига онлайн тарзда ёзилади.

Бунинг натижасида бемор ўзи учун қулай ва бўш вақтида аввалдан рўйхатдан ўтказилган тиббий карта орқали марказга ташриф буюриши мумкин. Қабулга олдин ёзилган бемор келганидан сўнг ҳеч қандай навбат кутмайди ҳамда уни кутиб олиш ва хизмат кўрсатиш учун алоҳида ходим бириктирилади.

Шунингдек, беморлар рўйхатхонада тақдим этилган рақамлар орқали хоналарга кириши ҳам тартибга солинган. Тизим самараси ўлароқ, навбатлар сезиларли тарзда камайди ва хизмат кўрсатиш сифати янада ошмоқда.

Рўйхатга олиш, шифокорлар қабули, йўлланмалар бериш, ташхис қўйиш ва бошқа тиббий хизматлардан фойдаланиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилди.

Бундан ташқари, марказнинг ҳудудий филиаллари томонидан бемор яшаб турган жойида сифатли хизмат кўрсатилиши таъминланган. Бу эса, ўз навбатида, беморнинг ортиқча оворагарчилиги ва қийинчиликларининг олдини олади ва қисқа муддатларда ўз ҳудудида хизматлардан фойдаланиш имконини яратади.

Телетиббиёт даволаш тизимига ҳам жорий этилган бўлиб, бу марказ ва унинг ҳудудий филиалларида муассасанинг малакали шифокорлари ва чет эллик мутахассислар билан консилиум ўтказиш имконини беради. Тизим орқали шифокорлар муолажалардан аввал ва кейин беморнинг тери ҳолатини реал вақт режимида баҳолай оладилар.

Эътиборлиси, марказдаги ушбу шароитлар тиббиёт туризмининг ривожланишига ҳам кенг йўл очмоқда. Жумладан, ўтган йили даволаниш учун 3,5 минг нафарга яқин чет эллик фуқаро келган бўлса, бу йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 800 нафарга яқинлашди. Бу рақамлар йил сайин ошиб бормоқда.

Ахборот тизимларининг самарадорлиги туфайли вақт тежалиши ҳисобига шифокорлар иш юкламаси бир неча баробарга камайтирилди ва натижада беморларни кунлик қабул ҳажми 170 дан 300 тагача ортди.

Электрон тизим тадбиқ этилишининг яна бир афзаллиги шундаки, қоғоз шаклидаги ҳисоботларнинг қарийб 95 фоизи рақамли шаклга ўтказилди. Молиявий ҳисоботлар, дори-дармон сарфланиши, тиббий муолажалар ўтказилишида “одам фактори” минималлаштирилди.

Ҳаттоки, бемор учун буюрилган дори-дармон ва кўрсатмалар ҳақидаги маълумотлар ҳам автомат равишда ҳамшираларга юборилади, улар эса ўз навбатида беморга керакли муолажаларни амалга оширишади. Бу эса тиббиёт ходимларининг вақтини тежаш, бор диққатини беморнинг самарали давосига йўналтириш, техник хатоликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram