Get Mystery Box with random crypto!

#давлат_тиббий_суғуртаси_механизми Бемор шифохонада даволани | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

#давлат_тиббий_суғуртаси_механизми

Бемор шифохонада даволаниш учун йўлланмани қай тартибда олади?

Мамлакатимизда давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилаётганидан хабарингиз бор. Бунда асосий мақсадлардан бири бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, оилавий шифокорнинг мақомини кўтаришдир.

Қуйида ушбу механизм асосида беморнинг касаллиги ўткир ҳолатидаги йўналиши келтирилган.

Таъкидлаш жоизки, давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида бемор туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва вилоят шифохоналарида даволаниш учун йўлланмани оилавий шифокор кўригидан ўтгач, тор соҳа мутахассиси тавсиясига кўра, электрон тарзда олади.

Яъни, аввалги қоғозбозликларга барҳам берилиб, бемор йўлланмани қўлига ҳам олмайди. Оилавий шифокорнинг ўзи ушбу ҳужжатни ва беморнинг касаллиги ҳақидаги маълумотларни керакли шифохонага электрон тизим орқали юборади. Йўлланма асосида унга кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Асосий мақсад жараён рақамлаштирилган тизим орқали амалга оширилиб, даволаниш учун йўлланмаларнинг навбатларсиз, сарсонгарчиликсиз тақдим этилишидир.

Эслатиб ўтамиз, миллий соғлиқни сақлаш тизимига жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси механизмида ҳар бир фуқаронинг саломатлиги кафолатланган пакет асосида кўрсатилган тиббий хизматлар давлат бюджети маблағи ҳисобидан қоплаб берилади. Фуқаролардан суғурта бадали ундирилмайди.

Бу билан соҳага ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, касалликларни эрта аниқлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини оширишга эришилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram