Get Mystery Box with random crypto!

​#cаломатлик_акцияси САЛОМАТЛИК АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА УЧҚЎРҒОНДА | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

​#cаломатлик_акцияси

САЛОМАТЛИК АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА УЧҚЎРҒОНДА ҲАМ МУРАККАБ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Наманган вилоятида “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида щтказилаётган саломатлик акцияси доирасида Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов бошчилигидаги 15 нафар профессор ва доцентлар ҳам Наманган аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш учун камарбаста бўлаяпти. Улар Учқўрғон, Норин туманларидаги хонадонларга кириб, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига зарур тиббий ёрдамларни кўрсатишди. Соғлигида муаммоси бор фуқаролар саралаб олинаяпти. Пировардида эса вилоят марказида эмас, балки туман шароитида травматологик, гинекологик, урологик ҳамда пластик-реконструктив операциялар ўтказишмоқда.

Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тиббий ёрдам бўлимида “Темир дафтар”да турган, кам таъминланган, эҳтиёжмандларда қатор юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилганлиги таҳсинга сазовор.

Султонхон Шодиева 61 ёшда, тўрт нафар фарзанднинг онаси, кўплаб набираларнинг бувиси. У қорин соҳасидаги қаттиқ оғриқ туфайли шифохонага келтирилганди. АДТИ ректори М. Мадазимов ва малакали жарроҳ Б. Темировлар беморни жарроҳлик йўли билан дарддан бутунлай халос этишди. Ноёб турдаги мураккаб амалиёт — қорин чурраси тўрт соатдан ортиқ вақт мобайнида бартараф этилди. Бугун унинг кўзларида табассум зоҳир.

— Қўли енгил жарроҳларнинг юксак маҳорати боис дардим ортда қолди. Ҳозир аҳволим яхши. Ҳеч қандай маблағсиз, хайрли тадбир шарофати билан соғлигим тикланди. Беқиёс ғамхўрлик учун элпарвар юртбошимизга раҳматлар айтамиз, — дейди С. Шодиева.

Бугина эмас, олим шифокорлар Нилуфар Раҳимжоновада “Қорин ўнг қўл кафти, иккала сон ва иккала бўғим соҳасининг чандиқли деформацияси”, Каромат Зокировада “Бўйин ва ўнг елка бўғимининг чандиқли тортилиши”, Муяссар Икромжоновада “Холецистоэктомия”, Достонбек Режабовда “Чап томонлама герниотомия, Жирар Кимбаровский бўйича пластика” каби ноёб турдаги жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли бажаришиб, уларнинг нажоткор-халоскорларига айланишди.

— Энди вилоят марказига боришга ҳам хожати қолмаганидан суюндик, — деди Мадина Хайдарова. — Онамнинг саломатлиги ортиқча оворагарчиликсиз яхшиланаяпти. Хонадонимизга шодлик улашаётган, яқинларимиз соғлигини тиклаётганлардан беҳад миннатдормиз.

— Халқимизнинг фаровон турмуши, бахтли ҳаёти учун доимо хизмат қилишдан чарчамаймиз, — дейди ректор М. Мадазимов. — Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси бизни одамлар билан янада яқинлаштирди. Шу кунгача мутахассисларимиз қўлларида керакли тиббий ускуналари билан 2000 дан зиёд хонадонларга кириб, керакли маслаҳат ва тавсияларни бердилар. Зарурий тиббий ёрдамлар кўрсатишди. Улар орасидан юқори технологик операцияларга муҳтожларни топиб, “Темир дафтар” рўйхатидаги 12 нафар эҳтиёжманд одамда ноёб турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказдик. Яқин кунларда яна 8 нафар бемор мураккаб операцияга тайёрланяпти.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, институтнинг кардиолог, невропотолог, эндокринолог, травматологлардан иборат ихтисослашган “Мобил гуруҳи” Норин туманидаги чекка қишлоқлар аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
Ахборот хизмати.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi