Get Mystery Box with random crypto!

​МИННАТДОР КЎЗЛАРДА ҚАЛҚИР ҚУВОНЧ ЁШЛАРИ Наманган вилоят бола | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

МИННАТДОР КЎЗЛАРДА ҚАЛҚИР ҚУВОНЧ ЁШЛАРИ

Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг урология ва ўсмирлар гинекологияси бўлимида бирин-кетин ўн икки нафар кичик беморларга пойтахтлик жарроҳлар нажот бағишлашди.

— Наманганнинг бу шифо маскани жамоаси билан кейинги пайтда мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз, — деди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази болалар хирургияси бўлими мудири,тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Сатторов. — Бу галги тўртинчи ташрифимиз “Бор меҳримиз шу Ватан,шу халқ учун!” шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида бўлди. Беҳад хайрли ва савобли ишга ҳисса қўшаётганимиздан жуда мамнунмиз. Сафдошим Қуддус Абдуллаев ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти доценти Хусниддин Хотамов билан биргаликда кун давомида фаол амалиёт билан машғул бўлдик. Аслини олганда Наманганда болалар урологик жарроҳлиги пойтахтдагидек ривож топган. Дўстимиз,тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматов бой тажриба соҳиби. Шу боис ҳамиша ёнма-ён ишлаб, деярли кутилган натижаларга эришиб келяпмиз. Бугун эса мураккаб реконструктив пластик операциялардан бир нечасини уддаладик.

Биз жарроҳларнинг ҳар бир бемор операциясини ярим соатдан бир соатгача, ҳатто ундан зиёдроқ вақт ичида сифатли амалга оширганининг шоҳиди бўлдик. Ахир, шифокорларнинг юзларидаги ёқимли табассум, ота-оналарнинг кўзларида халқаланган севинч ёшлари бежиз эмас эди-да!

— Етти ойлик Исломжоним ўнг буйрак тарафи шишиб, яхши ёзилолмасдан қийналарди, инграб йиғларди, — дейди Мингбулоқ туманининг Мустақиллик маҳалласида яшовчи Муҳайё Абдуназарова. — Омадимиз бор экан, пойтахтлик уролог-жарроҳлар боламнинг жонига оро бўлди. Ўттиз дақиқада пластик операциядан чиқди. Кўнглим жойига тушди. Она учун чақалоғининг соғайишини кўришдан ортиқ бахт қаерда?! Илоҳим, халқига меҳрибон юртбошимиз омон бўлсинлар! Оқ халатли нажоткорларнинг моҳир ва мўъжизакор қўлларига асло кўз тегмасин!

Худди шундай миннатдорлик сўзларини поплик 5 ёшли Оллоҳёрнинг онаси Маҳфузахон ҳамда косонсойлик 2 ёшли Озоджоннинг онаси Дилафрўзхон каби ўн чоғли аёллардан ҳам эшитишди юқори малакали, олиҳиммат жарроҳлар. Чунки улар тери орқали пункцион нефростомия операцияларини ўтказишди. Болаларнинг туғма ривожланиш нуқсонларини бартараф этишди. Пиелопластика, уретропластика амалиётлари туфайли кичик беморлар сийдик йўли дардларидан фориғланишди, саломатликлари тикланди.

Демак, Наманганда соғлом авлод вакиллари сафи яна бир нечага кўпайди. Лекин, шу билан бу эзгу ҳаракат тўхтатиб қўйилмайди. Олис-олис қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий кўрикларда хасталиги аниқланаётган бирорта бола меҳр ва эътибордан сира-сира четда қолмайди.

Бундан буён Президентимиз топшириқларига биноан шифокорлар ҳам маҳаллабай ишлаш тамойилига қатъий амал қилиб боришади.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi