Get Mystery Box with random crypto!

​ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ДИСПАНСЕРИНИНГ ЯНГИ ИМОРАТИ | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

​ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ДИСПАНСЕРИНИНГ ЯНГИ ИМОРАТИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Қорақалпоғистон халқига кўп йиллардан буён хизмат кўрсатиб келаётган Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика эндокринология диспансери янги иморатининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М. Қурбанов, вазир ўринбосарлари ва вазирликнинг бош мутахассислари, республикадаги даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари, эндокринология соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган нуроний шифокорлар, диспансернинг тиббиёт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Мазкур диспансернинг реконструкция ишларига жами 6,860 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, замонавий асбоб-ускуналар ва инвентар билан таминланган. Иморатнинг биринчи қаватида диспансер поликлиникаси фаолият кўрсатиб, сифатли тиббий текширувларни амалга ошириш учун ҳар бир мутахассисга тўлиқ қулайликлар яратилган. Шунингдек, иморатнинг иккинчи ва учинчи қаватида эндокрин касалликлар билан оғриган беморларни стационар шароитда даволаш учун бир, икки ва уч кишилик палаталар ажратилган. Диспансерда беморлар ва тиббиёт ходимларига алоҳида қулайлик яратиш мақсадида лифт ишга туширилган.

Эндокринология соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган нуроний шифокорлар диспансердаги яратилган шароитлар билан танишар экан, соҳага кўрсатилаётган бундай эътибордан кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида даволаш-профилактика муассасаларининг янгидан реконструкция қилиниши ва уларнинг моддий-техник базасининг мустаҳкамланиши даволанаётган беморлар кўнглида тузалишга бўлган умид, шифокорлар фаолиятига эса катта куч-ғайрат бағишлаши шубҳасиз, албатта.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi