Get Mystery Box with random crypto!

​ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИК ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТЛАРИ ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТА | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИК ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТЛАРИ ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ЁРҚИН ИФОДАСИГА АЙЛАНМОҚДА

Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизда ”Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун” шиори остидаги саломатлик акцияси давом этмоқда.

Мамлакатимизнинг энг таниқли шифокорлари маҳаллабай кесимида “Темир дафтар”, ”Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган бемор ҳамюртларимиз хонадонларига кириб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож хастаҳолларни соғломлаштириш чоралари кўрилаётир.

Бинобарин, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши зарур деб, топилган инсонлар эса зудлик билан вилоят даволаш-профилактика муассасаларига жўнатилмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, вилоят эндокринология, кардиология марказлари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ўтказилган имтиёзли юқори технологик жарроҳлик амалиётларида ўнлаб инсонлар узоқ даврдан бери қийнаб келаётган дардлардан фориғ бўлдилар.

Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида жарроҳлик амалиётлари узлуксиз давом эттирилмоқда. Кеча ушбу марказ вакиллари пойтахтлик ҳамкасблари билан Хонoбоддаги фаолиятлари доирасида юрак ишимик хасталигига дучор бўлган Маҳфуза Маматованинг уйида бўлишиб, унинг соғлиғини тиббий кўрикдан ўтказишган эди. Ривожланиб борувчи стенакордея ташҳиси қўйилиб, зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилишига қарор қилинди.

Бугун эрталаб жарроҳлик столига ётган илк бемор Маҳфуза бўлди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлимида интервенцион-кардиологлар Акмалжон Жалилов, Аброр Абдуллаев ва Бахтиёр Камолиддиновлар шошилинч коронаграфия, юрак чап тож томирларини стентлаш амалиётларини замонавий қурилмалар воситасида муваффақиятли бажаришди.

- Давлатимизга минг раҳмат. Оғир дарддан шу қадар тез қутуламан деб, ўйламаган эдим. Қўли енгил шифокорлар оғир касалликни даволашди. Соғлиғим тикланганидан жуда ҳам бахтиёрман, - дейди бемор.

Тез тиббий ёрдам машиналарида хаста кишилар шифохонага етказиб келинаётганлиги, тиббиёт ходимларининг уларга кўрсатаётган алоҳида меҳр ва эътибори, дард чекаётганларнинг юрагига ўрнатилаётган воситалар бепуллиги инсонпарварликнинг олий намунаси эмасми?!

Бўлим мудири А. Жалиловнинг айтишича, кун давомида олти нафар беморда шундай амалиётни ўтказиш кўзда тутилган.

Эндокринология соҳаси мутахассисларининг фаолияти ҳам эътиборга молик. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорлари Наманган шаҳар Саноат кўчасидаги 124-уйга киришганида уй бекаси Муҳайё Абдужалиловадаги касаллик хатарли эканлигини аниқлашди ва уни ҳам зудлик билан операция қилиниши зарурлигини айтишди.

Бугун эса тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Нусратжон Алимжонов наманганлик ҳамкасби Ғайратжон Икромов билан ҳамкорликда аёл қалқонсимон безидаги икки томонлама ўсмаларни олиб ташлашди. Энди Муҳайёга кўп тугунли буқоқ азоб бермайди.

- Бу жуда ёмон оқибатларга олиб келувчи ўсма эди. Энди дори воситалари вақтида ичиб юрилса бемор ҳаётига раҳна солувчи дард қолмади, - дейди доктор Нусратжон Алимжонов. – Келгуси ҳафтада пойтахтдан яна бир гуруҳ мутахассислар келишади. Улар яна кўплаб инсонларни соғломлаштиришга ёрдам беришади.

Дарҳақиқат, ижтимоий-тиббий акция шарофати билан кўплаб эҳтиёжманд кишилар имтиёзли равишдаги тиббий хизматдан баҳраманд бўлиб, соғликларини тиклаб олишмоқда. Бу инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати