Get Mystery Box with random crypto!

​ССВ: ХАЛҚАРО БОЛАЛАР САРАТОНИ КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУНИГ | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ССВ: ХАЛҚАРО БОЛАЛАР САРАТОНИ КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУНИГА БАҒИШЛАБ АНЖУМАН ЎТКАЗИЛДИ

Болалар миллий тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан 15 февраль —Халқаро болалар саратони касаллигига қарши курашиш кунига бағишлаб анжуман ўтказилди.

Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ezgu аmal” ва “Zamin” фонди вакиллари, мамлакатимиздаги тегишли ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари шифокорлари, вазирлик масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Мулоқотни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова очиб берди.

— Ўзбекистонда болалар гематология ва онкологияси соҳасидаги ислоҳотлар жадал ва мунтазам давом этмоқда, — дейди Э. Баситханова. — Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августда тасдиқланган “2020 – 2022 йилларда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янги босқичга кўтаришга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси”га асосан, барча ҳудудларимиздаги болалар кўп тармоқли марказларида ягона умумлаштирилган бўлимлар фаолиятининг ташкил этилиши, “Болалар гематология ва онкологияси” йуналишида магистратура, ихтисослашиш ва малака ошириш курслари дастури асосида кадрлар тайёрланиши борасида ишлар жадал олиб борилмоқда. Дастлаб бу ишлар Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро стандартлар асосида бошланди. Яқин истиқболда ушбу марказ тажрибаси ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳам жорий этилади.

Болаларга гемато-онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон андозалари даражасига чиқариш юзасидан ҳудудлардаги ҳолатни ўрганиш бўйича мониторинг гуруҳи ва саволнома шакллантирилиб, гуруҳлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, натижалар таҳлил этилган ҳолда “Республикада болалар гематология ва онкологияси хизматини ривожлантириш ва бу соҳада тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича йўл харитаси” ишлаб чикилди.

Шунингдек, анжуманда Россия Федерациясида болалар гемато-онкология хизматини ривожланиши тўғрисида Рогачев номидаги болалар гематология, онкология ва иммунологияси миллий тиббий тадқиқот маркази президенти, Россия Федерацияси Фанлар академияси академиги Александр Румянцевнинг видео чиқиши ҳам йиғилганларга намойиш этилди.

Тадбир давомида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Барно Абдусаматованинг “Республикада болалар гематология ва онкологияси хизматини ривожлантириш ва бу соҳада тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича йўл харитаси” бўйича тақдимоти тингланди.

Йўл харитасида назарда тутилган:
Болалар миллий тиббиёт маркази таркибидаги умумлаштирилган болалар гематология ва онкология бўлими таркибидаги ўринлар сонини 60 тага етказиш,
болалар гематология ва онкология йўналишидаги беморлар учун замонавий канцер-регистрларни яратиш,
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология ҳамда ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказлари болалар бўлимлари шифо ўрни ва штат бирликлари доирасида умумлаштирилган “Болалар гематология ва онкологияси” марказини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш,
оғир гематологик ва онкологик касалликлар билан хасталаган болаларга паллиатив ёрдам бериш тизимини яратиш,
жамоатчилик ва ҳайрия ташкилотлари, халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, болалар онкология ва гематология уюшмаси вакиллари, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари вакилларидан иборат экспертлар гуруҳини яратиш,
Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятларидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳудудлараро бирламчи эрта ташхислаш йўналишини жорий этиш
каби режалар таҳлил қилинди.

Муҳокамаларга, мунозараларга бой бўтган ушбу анжуман болалар гематология ва онкологияси соҳасида янги ҳамркорлик алоқаларига замин яратиши шубҳасиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi