Get Mystery Box with random crypto!

​ЧАҚИРИЛМАГАН МЕҲМОНЛАР МИНГБУЛОҚДА Наманган вилоятида ўткази | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ЧАҚИРИЛМАГАН МЕҲМОНЛАР МИНГБУЛОҚДА

Наманган вилоятида ўтказилаётган "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида пойтахтлик малакали шифокорлар Мингбулоқ туманида ҳам бўлишди.

Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасида барвақт йиғилишган маҳаллий шифокору ҳамшираларга бирлашманинг бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси Собиржон Шоматов ўн кунлик муҳим тадбир ҳақида қисқа ва лўнда тушунча берди.

– Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларининг вилоятимизга ташрифидан ғоят самарали фойдаланиб қолишимиз керак, – деди у алоҳида таъкидлаб. – Аввало "темир дафтар"дагиларнинг хонадонларига бошлаб кирасизлар, кейин уйда ётиб қолган ногиронларни ҳам кўрсатасизлар.

Меҳмонлар туманимизда 10 кун давомида ишлашади. Эртадан кечга қадар ҳар бир гуруҳ камида ўттизта хонадон остонасини ҳатласин. Агар бешта гуруҳ фаолият юритса, ўн кун давомида қарийб икки минг хонадонда яшайдиган аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Вақт зиқ, бирор дақиқа зое кетмасин. Оилавий шифокорлару патронаж ҳамширалар меҳмонларга ҳамроҳ, йўлбошловчи бўлиб юрасизлар. Юқори натижадорликка эришишга астойдил ҳаракат қилиниши зарур.

Ниҳоят меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника олдида кутиб олиндилар. Аввалдан шакллантирилган муваққат тиббий гуруҳларга Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари етакчи – ҳамкор қилиб қўйилди. Уларнинг дастлабки йўналишлари – Ингичка, Меҳнатобод, Қизилқум, Жомашуй ва Уюрчи-Дамкўл маҳалларига белгиланди.
Мана, Меҳнатободга етиб келган махсус тиббий гуруҳ ўз фаолиятини Собира Жуманованинг аҳволини кўздан кечиришдан бошлади.

– Грижадан озор чекаман, гоҳ-гоҳ орқа миям қисиб оғрийди, – дея ҳолатини баён этди дардманд аёл. – Асли касбим ўқитувчилик эди. 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, ишга ярамай қолдим...

Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, олий тоифали аллерголог Хушнудбек Аҳмедов навбатдаги беморни текширувдан ўтказиб, кўчага чиқса, ўрта ёшли йигит келиб саломлашди.

– Тошкентлик аллерголог врач маҳалламизда бемор кўриб юрганликларини эшитиб, ғоят қувондим, – деди у хурсандлигини яширмай. – Ўн тўрт ёшли жиянимни астма қийнайди, сизларга учрасинми?

– Ўзимиз уйларига кирамиз, – деди пойтахтлик мутахассис, сўнгра оилавий шифокор Зулфия Маҳкамовага қаради. – Болани танийсизми?

– Ҳа, Тинчлик кўчасидаги 4-уйда бувиси билан яшайди.

– Унда ўша ёққа ўтайлик.

Остона ҳатлаганимизда Одина Алиеванинг боши осмонга етди. Невараси Жавоҳир Одилжонов обдон текширилди. Ҳолати аниқлангач, даво чоралари белгиланди. Ҳатто аэрозолни нафас йўлларига пуркаш йўл-йўриқлари амалда кўрсатилди.

– Жавоҳир, сен энди бошқа доридан фойдаланасан. Нафасни очадиям, даволайдиям, – деб таъкидлади Хушнудбек Аҳмедов.

Қўшни хонадондаги Мастура Иминжонова билан бўлган мулоқот кўп нарсани ойдинлаштирди. "Сайдана"даги ўтказилган томография текшируви асосида тавсияларга қўшимчалар киритилди. Туғма бронхоэктазнинг муолажалари тушунтирилди. Унинг дардини енгиллаштириш учун бепул даволаниш ордери бериш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Шу куни Меҳнатободнинг Тинчлик ва Охунбобоев кўчаларидаги қирққа яқин хонадонларда яшовчи хастаҳоллар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Мингбулоқ туманида 41 та маҳалла бўлиб, уларнинг бирортасига ҳам пойтахтлик шифокорларнинг қадамлари етмай қолмайди. "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилаётган бу галги саломатлик акциясининг қамрови кенг ва мақсади беҳад улуғвордир.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
Ахборот хизмати.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi