Get Mystery Box with random crypto!

ЖССТ янги антибактериал дориларни ишлаб чиқиш ҳолати тўғрисида | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ЖССТ янги антибактериал дориларни ишлаб чиқиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди

Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйлаб клиник ва клиникадан аввалги синовлардан ўтаётган антибактериал дорилар, жумладан, антибиотиклар бўйича янги ҳисоботни тақдим этди.

Унда айтилишича, клиник тадқиқотлардаги антибактериал дорилар сони 2021 йилда 80 тани ташкил қилган бўлса, 2023 йилда 97 тага етган. Шунга қарамай, хавфли юқумли касалликларни даволаш учун кенг қўлланилиши натижасида самарадорлигини йўқотаётган мавжуд антибиотиклар ўрнини босадиган янги, инновацион дори воситаларини яратиш долзарб бўлиб турибди.

Муаммо нафақат ишлаб чиқарилаётган антибактериал дориларнинг жуда камлигида, балки ҳақиқатан ҳам инновацион ишланмаларнинг етарли эмаслигидадир. Устувор рўйхатдаги патогенлар келтириб чиқарадиган инфекцияларни даволаш учун ишлаб чиқилаётган 32 та антибиотикдан фақат 12 тасини инновацион деб ҳисоблаш мумкин.

Ишлаб чиқарилаётган препаратларда кўплаб бўшлиқлар мавжуд: масалан, болалар учун дорилар, уларнинг амбулатор шароитда қабул қилиш учун қулайроқ бўлган перорал шакллари ёки ўсиб бораётган дорига чидамлиликка қарши курашадиган турлари мавжуд эмас.

Шунга қарамай, бактериофаглар, антитаналар, антивирулент ва иммуномодулятор дорилар каби ноанъанавий биологик воситаларга, шунингдек, антибиотикларни тўлдирувчи ёки муқобил сифатида микробиомни модуляция қилувчи препаратларга эътиборнинг кучайиши бироз умид бағишлайди. Шу билан бирга, ушбу дориларни клиник амалиётда қачон ва қандай қўллаш мумкинлигини аниқлаш учун клиник тадқиқотлар ўтказиш талаб этилади.

Ҳисоботда таъкидланганидек, ишлаб чиқилаётган янги антибактериал препаратлар ҳақидаги маълумотларнинг шаффофлигини ошириш потенциал инновацион бўлган, аммо қийин лойиҳалар бўйича ҳамкорликнинг ривожланишига олиб келиши, олимлар ва ишлаб чиқувчиларга ёрдам бериши ҳамда янги антибактериал воситаларни яратишга катта қизиқиш уйғотиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram