Get Mystery Box with random crypto!

​ ССВ: “Siemens Healthineers” компанияси юртимиздаги даволаш-п | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ССВ: “Siemens Healthineers” компанияси юртимиздаги даволаш-профилактика муассасаларига энг илғор тиббиёт ускуналарини етказиб беради

Шу йил май ойида Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон — Германия халқаро тиббиёт форуми соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очди.

Анжуманда кўплаб немис корхона, клиника ва тиббиёт олий ўқув юртлари қаторида дунёга машҳур “Siemens Healthineers” компанияси билан ҳам мамлакатимиз шифохоналарига зарур тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича дастлабки келишувга эришилган эди.

Орадан қисқа вақт ўтиб, ана шу келишув ижроси юзасидан мулоқот бошланди: Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ушбу компаниянинг вице-президенти Бернт Бибер бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, 125 йилдан зиёд тажрибага эга “Siemens Healthineers” компанияси тиббиёт соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ва тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бериш бўйича дунёда етакчилардан ҳисобланади.

Вазир мулоқотда қайд этганидек, бугун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ трансформация қилинмоқда. Бу жараёнда юртимиздаги давлат даволаш-профилактика муассасалари қатори, 8 мингдан зиёд хусусий шифохоналарни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш ва бу орқали аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги тиббиёт ва тиббий таълим хабига айлантириш учун етарлича имконият ва салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, германиялик меҳмонлар ўзбек тиббиёти жадал суръатларда тараққий этаётганини эътироф этиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Мулоқот давомида мамлакатимиздаги давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларига зарур тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бериш, уларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган сервис-марказлар ташкил этиш ва мутахассислар тайёрлаш, соҳага энг сўнгги русумдаги инновацион технологияларни жорий этишга келишиб олинди.

Якунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Siemens Healthineers” компанияси ўртасида меморандум имзоланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram