Get Mystery Box with random crypto!

ССВ: Қорақалпоғистонлик болаларда лапароскопик усулда урологик | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ССВ: Қорақалпоғистонлик болаларда лапароскопик усулда урологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юртимиз бўйлаб “Диспансер назоратида турган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар саломатлиги ойлиги” ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Акция доирасида ҳудудларда малакали мутахассислар иштирокида тиббий кўриклар ташкил этилиб, бемор болаларда юқори технологияли операциялар бажариляпти.

Хусусан, шу кунларда Болалар миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ етакчи шифокорлари олис Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, диспансер назоратида турган ва ногиронлиги бор болаларни тиббий кўриклардан ўтказмоқда.

— Республиканинг 16 та тумани 7 гуруҳга ажратилиб, жойларда тиббий текширувлар ташкил этиляпти, — дейди марказ директори Максуд Саидов. — Кеча Хўжайли туманида кўриклар ўтказдик, бугун эса Чимбойдамиз.

Акция давомида беморлар тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинмоқда.

Шунингдек, мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган бемор болалар сараланиб, Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудуддаги филиалида пойтахтлик шифокорлар бошчилигида юқори технологияли операциялар ўтказиляпти.

— Бугун Қорақалпоғистон тиббиёти тарихида илк бор бемор болада лапароскопик пиелопластика операцияси бажарилди, — дейди М. Саидов. — Шунингдек, кичик ёшли беморда биринчи марта оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватидан графт олиниб, гипоспадияни оғир турида Bracka амалиёти ўтказилди. Аҳамиятлиси, ушбу жарроҳлик муолажалари танага тиғ теккизмасдан, кичик кесмалар орқали кам инвазив йўл билан амалга ошириляпти.

— Эртага эса пешоб йўллари тананинг ташқарисида жойлашиши туғма нуқсони билан дунёга келган 2 кунлик чақалоқда жуда оғир (экстрофия-эписпадия комплекс) CPRE операциясини ўтказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 20 дан ортиқ ЛОР, 10 га яқин кардиологик ва нейрохирургик амалиётлар, жами 100 дан зиёд мураккаб операцияларни бажариш кўзда тутилган. Энг муҳими, мазкур амалиётлар давлат ҳисобидан бепул ўтказилади.

Акция давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram