Get Mystery Box with random crypto!

Тезкор муносабат ССВ: 60 ёшдан ошганларга хавфли дорилар тар | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

Тезкор муносабат

ССВ: 60 ёшдан ошганларга хавфли дорилар тарқатилаётгани — мутлақо ёлғон ва ҳақиқатга зид!

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Хитойдан катта миқдорда дори воситалари сотиб олгани, таблетка кўринишидаги ушбу препаратлар юртимиз бўйлаб 60 ёшдан ошган аҳоли вакилларига берилиши, аммо улар инсон организми учун хавфли экани ҳақида мутлақо уйдирма ва ҳақиқатга зид хабарлар тарқалмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Аввало, шу кунларда мамлакатимизга Хитой давлатидан катта миқдорда дори воситалари олиб келингани ҳақидаги хабарлар мутлақо ёлғон.

Қолавера, бундан 2 йил аввал юртимизда коронавирус пандемияси айни авж олган оғир ва мураккаб даврда ҳам интернет тармоқларида COVID-19 инфекциясига қарши ишлаб чиқарилган вакциналар тўғрисида шу сингари ҳақиқатга зид маълумотлар тарқатилган эди.

Бироқ орадан вақт ўтиб, ушбу хабарлар мутлақо уйдирма экани маълум бўлди. Аксинча, вакциналар аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясига қарши оммавий иммунитетни шакллантириш, касалликнинг олдини олиш ҳамда пандемияни тўхтатишда муҳим восита бўлиб хизмат қилди.

Шу маънода айтсак, одамлар орасида турли ваҳима ва хавотир уйғотиш мақсадида тарқатилаётган бу галги хабарлар ҳам бўхтон ва сафсатадан бошқа нарса эмас.

Шу боис вазирлик аҳолидан бундай фейк хабарларга ишонмасликни, тиббиёт соҳаси билан боғлиқ энг тўғри ва асосли маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий www.ssv.uz веб-сайти ҳамда телеграмдаги https://t.me/ssvuz, https://t.me/ssvmatbuotkotibi саҳифалари орқали олишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram