Get Mystery Box with random crypto!

​ССВ: Тошкентда 15 мамлакатдан келган мутахассислар тиббий рад | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ССВ: Тошкентда 15 мамлакатдан келган мутахассислар тиббий радиология муаммоларини муҳокама қилди

Пойтахтимизда “Нурли диагностика: мураккаб муаммоларнинг оддий ечимлари” мавзуида I халқаро радиология саммити иш бошлади.

Анжуманда дунёнинг 15 давлатидан келган 300 нафардан зиёд радиология ва ядро тиббиёти соҳасидаги мутахассислар, шунингдек радиологик жиҳозлар ва истеъмол материаллари ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон радиологлар жамияти томонидан ташкил этилган конференцияда радиологиянинг турли йўналишларига оид юздан ортиқ мавзуларда таҳлилий тақдимотлар ўтказилади.

Таъкидлаш лозимки, сўнгги ўн йил ичида юртимизда тиббиёт муассасаларини илғор радиологик ускуналар билан жиҳозлашга алоҳида аҳамият берилди. Республика ва вилоят даражасидаги муассасалар, шунингдек туман шифохоналари ва поликлиникалар рентген-радиологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Қолаверса, хусусий сектор бир қатор солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиниши тиббий радиология ва рақамли рентген йўналишларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Чунки айни пайтда юртимизда ушбу тармоқдаги хизматларнинг 50 фоиздан кўпроғи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келади.

Конференцияда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сўзга чиқиб, келгусида бу йўналишда режалаштирилаётган ислоҳотлар ва соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган айрим омиллар ҳақида сўз юритди.

— Рақамли рентген, ультратовуш, компьютер ва магнитли резонанс томографияси, ангиография, радиотерапия каби ускуналардан барча ҳудудларда кенг фойдаланилиши рентгенолог-радиолог мутахассисларнинг нуфузи ортишига ва ушбу йўналишга ёш шифокорларнинг кириб келишига туртки бўлмоқда,— деди вазир. — Шу билан бирга, рентген ва радиология бўлимларида кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифати етарли эмаслиги, юқори технологияли тиббий жиҳозлар имкониятларидан тўла фойдаланмаслик, замонавий илм-фан ютуқларини жорий этишда ортда қолиш каби ҳолатлар кузатилаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавр, магистратура ва клиник ординатурада тиббий радиологлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурлари ва академик алмашинувлар орқали интервенцион кардиология, рентген-эндоваскульяр хирургия каби тор ихтисосликлар йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Вазир ўз нутқида соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича қатор таклифларни ҳам ўртага ташлади.

Жумладан:

диагностик тасвирни қайта кўриш ва дастлабки хулосани қўшимча текширишни кўзда тутувчи “иккинчи фикр” ёки “такрорий ўқиш” амалиётини кенг жорий қилиш;

хусусий сектор томонидан ижара шартнома асосида тиббий муассасаларнинг ўзида “рентген-радиология” марказларини ташкил этиш;

давлат муассасаларига янги ускуналар харид қилиш, унда ишлаш учун мутахассис тайёрлаш, сарфлов воситалари билан таъминлаш каби мураккаб жараёнлар ўрнига ушбу хизматларни хусусий сектордан сотиб олиш амалиётига ўтиш
каби таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, анжуманда Миллий телерадиология маркази ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Радиология ва ядро тиббиёти марказини ташкил этиш борасидаги таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланиши маълум қилинди.

Конференция иши 6 майга қадар давом этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram