Get Mystery Box with random crypto!

Охирги вақтлар бир гапни кўп жойда, кўп вазиятларда такрорлаяп | .

Охирги вақтлар бир гапни кўп жойда, кўп вазиятларда такрорлаяпман: "Энг асосийси – қалб хотиржамлиги. Қолган ҳамма ишлар фақат шунга боғлиқ". Дархақиқат, хотиржамлик энг бебаҳо неъмат мен учун. Кичиккина бир ғамингиз бўлса ҳам баъзида катта-катта муваффақиятларингиз татимайди. Ёки оддий бир гумон, иккиланиш ёхуд ҳаловатсизлик бўлса, на қўл ишга боради, на кўнгил ниманидир истайди. Ҳеч нарса ёқмайди, бирор юмуш кўнгилга сиғмайди.

Шу сабаб хотиржамлик улуғ неъматдир. Бунга шахсан ўзим сўнгги пайтларда қайта-қайта ишонч ҳосил қилдим. Хотиржамлик ҳақида эҳтимолки, бир китоб ёзса бўлади.

Бир инсондан эшитган гапим бор: "Нима иш қилишингдан қатъи назар шу ишни мароқ билан бажар ва бошқа ҳар нарсани унут! Китоб ўқияпсанми, қарзларингни қандай узишни ўйлама, фақат ўқи. Овқатланяпсанми, ишдаги топшириқни ўз муддатида топшириш ғамини ема, мазза қилиб таомлан. Ишлаяпсанми, мазза қилиб ишла, бошқа ғамларга чалғима. Ана шунда ҳар ишингда барака ва роҳат бўлади".

Бу гаплар мутлақо тўғри деб ҳисоблайман. Лекин шу ишларни бажараётганда борлиқдаги бошқа ҳамма нарсани вақтинча унутиб туриш учун айнан хотиржамлик керак. Акс ҳолда, миянинг бир четида "уйланиш керак", "магистратурани қаерда ўқийман?", "диплом ишини қайси мавзуда ёзсам экан", "бошлиқдан ойликни олдиндан сўрасамми" каби ўй-хаёллар айланаверади-айланаверади. Шундай экан, барчангизга соғлик, бахт, бойликдан ҳам кўра, аввало, қалб хотиржамлигини тилайман. Чунки шу бўлмаса юқорида санаб ўтилган бошқа жиҳатлардаги ютуғингизни чин қалбдан ҳис қила олмайсиз.

@soliyev