Get Mystery Box with random crypto!

ҲАЁТДАГИ ЭНГ ЯХШИ УСТОЗ Ўқув йили бошида олтинчи синф раҳбар | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

ҲАЁТДАГИ ЭНГ ЯХШИ УСТОЗ

Ўқув йили бошида олтинчи синф раҳбари Маъсуда опа уч-тўрт ой аввал бешинчи синфни битирган ўқувчилари олдида турарди. У меҳрли нигоҳи билан уларга боқар экан ҳаммаларини бирдек яхши кўришини ва улар билан яна дийдорлашганидан мамнунлигини айтди. Бу – катта ёлғон эди, негаки олд қатордаги парталарнинг бирида букчайиб ўтирган Алишерни ўқитувчи ёмон кўрарди.
Маъсуда опа бу бола билан бошқа ўқувчилари қаторида ўтган йили танишган эди. Ўшанда аёл Алишернинг бошқа синфдошлари билан ўйнамаслигини, доимо кир кийимда юришини ва ундан гўёки ҳеч қачон ювинмагандек ҳид келиб туришини пайқаган эди. Вақт ўтган сайин муаллиманинг бу болага нисбатан муносабати тобора ёмонлашиб борди. Ва шунгача бориб тақалдики – устоз Алишернинг ёзган вазифаларини қизил ручка билан бўяб ташлаб, тагига бир баҳо қўйгиси келиб кетарди.
Кунлардан бир кун ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари барча ўқувчиларнинг мактабда ўқишни бошлаган пайтдан бери тўпланган тавсифномаларини (характеристика) таҳлил қилиб чиқишни сўради. Муаллима ёмон кўрган ўқувчисининг шахсий папкасини энг охирига суриб қўйди. Бошқа ўқувчилар ҳужжатларини ўрганиб чиққач сўнгида Алишернинг қоғозларини ҳоҳламайгина ўргана бошлади. Ва... у ердаги маълумотлардан карахт бўлиб қолди.
Болакайни биринчи синфда ўқитган бошқа муаллима у ҳақида шундай деб ёзган эди:
“Бу тилла бола. Юзидан, табассумидан нур ёғилиб туради. Уйга берилган вазифаларни тоза ва бехато бажаради. Унинг ёнида бўлиш инсонни фақат хурсанд қилади”.
Иккинчи синфда ўқитган устози эса бола ҳақида шундай фикр билдирган эди:
“Алишер – бошқалардан яхши жиҳатлари билан ажралиб турадиган ва дўстлари орасида ҳурмати баланд бўлган ўқувчи. Фақатгина оиласида бир муаммо бор: онаси тузалмас дард билан касалланган ва бола ўз уйида ўлим билан курашаётган одам изтиробларини кузатиб яшайди”.
Учинчи синф ўқитувчисининг ёзганлари янада ачинарли эди:
“Онасининг ўлими бола руҳиятига жуда қаттиқ зарба бўлди. У бор кучи билан ўқишга ҳаракат қиляпти, бироқ отасини Алишернинг ҳаётига нисбатан қизиқиши сўнган. Агар чоралар кўрилмаса, булар боланинг ўқишига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин”.
Тўртинчи синф ўқитувчиси эса қуйидагиларни ёзган эди:
“Бола жуда ланж, ўқишга умуман қизиқиши йўқ. Кўпинча дарсларда ухлаб қолади”.
Барча тавсифномаларни ўқиб чиққан Маъсуда опа ўзининг Алишерга бўлган муносабатидан уялиб қолди. Виждони қийнай бошлади.
Бир воқеа эса уни юрагини баттар эзиб юборди. Янги йил арафасида барча ўқувчилар унга зарқоғозларга ўралган турли совғаларни ҳадя қилишарди. Устоз ёқтирмаган боланинг совғаси эса дағал жигарранг қоғозга ўралган эди.
Муаллима Алишер берган ўрамдан бир нечта тошлари тушиб қолган оддий билакузукни ва бор-йўғи чорак қисмигача тўла бўлган атир шишасини чиқарганда бошқа ўқувчилар синфдошининг устидан кула бошладилар.
Бироқ Маъсуда опа ўзини йўқотиб қўймади ва “Жуда чиройли билакузук экан” деди ва қўлидаги атирни очиб билагига сепиб олди. Бу билан у синфда кўтарилган кулгуни сўндирган эди.
Шу куни Алишер дарслардан кейин ушланиб қолиб устозининг ёнига келди ва:
- Бугун сиздан онамнинг ҳиди келяпти, раҳмат,- деб чиқиб кетди.
Ўқувчиси кетгандан кейин Маъсуда опа узоқ йиғлади.
Шу кундан бошлаб муаллима болаларга адабиёт ва ёзувдан ташқари меҳр-оқибатни, инсонийликни ҳам ўргата бошлади. Бундай таълимот бошланган сўнг озмунча вақт ўтгач Алишернинг ҳаётга қизиқиши қайта бошлади. Ўқув йили якунига бориб у энг яхши ўқувчилар қаторидан жой олди. Маъсуда опа ҳамма ўқувчисини бирдек яхши кўришини такрорлаганда аслида энг севимлиси ва қадрлиси Алишер эди.
Орадан бир йил ўтгач Маъсуда опа бошқа энди бошқа болаларга тарбия берар эди. Бир куни у синф хонаси эшиги тагида хат топиб олди. Мактуб Алишернинг қўли билан ёзилган эди: “Сиз мени ўқитган ўқитувчилар ичида энг яхшисисиз”.
Беш йил ўтгач у собиқ ўқувчисидан яна бир мактуб олди ва унда Алишер коллежни яхши баҳоларга битириб, талабалар орасида учинчи ўринни олгани ҳақида ёзилган эди. Ва Маъсуда опа унинг ҳаётдаги энг яхши устози эканлиги таъкидланганди.