Get Mystery Box with random crypto!

​​ ЎЙГА ТОЛДИРУВЧИ ҲИКОЯ Наима аравачани кун чиқиш томонга тў | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

​​ ЎЙГА ТОЛДИРУВЧИ ҲИКОЯ

Наима аравачани кун чиқиш томонга тўғрилаб, ўзи ҳам эрининг ёнидаги ўриндиққа ўтирди.
- Қалай, энди қулайми?
- Бўлади.
Акром хотинининг майинлик билан берган саволига шундай қўрс жавоб қайтарди. Наима бунга кўникиб қолгани учунми, индамай қўя қолди.
Авваллари Акром жуда мулойим, босиқ ва самимий инсон эди. Уни дард ўз измига солиб, ҳаёт синовлари ўзгартирди.
- Ўзи мени нега эрталабки уйқудан уйғотиб, бу ерга олиб келдинг?
- Кеча санаториядаги бир-икки аёл шу ерда қуёш жуда чиройли бўлиб отишини, уни кузатиш мароқли эканини айтишганди. Буни эшитибоқ, шундай ҳодисани сиз билан бирга кўришни кўнглимга тугиб қўйгандим.
- Хўш, бу билан бирор нарса ўзгарадими?
- Ҳа, сизнинг кайфиятингиз кўтарилиб, яна аввалгидек кула бошлайсиз.
- Сен тушунмадинг, шундан кейин мен юриб кетаманми?
Наима индамади. У қўрқарди, эри яна ажрашиш ҳақида гап бошлашидан чўчиб турарди.
- Мен сенга ҳеч тушунмайман. Биз совчилар орқали топишдик, турмуш қурдик. Тўйимиздан икки ой ўтар-ўтмай мен мана шу аравага михланиб қолдим. Мана олти ойдир-ки менинг инжиқликкаримга чидаб, сабр қилиб келаяпсан. Энди менга айтчи. Буларнинг бари нима учун?
- Ахир... Биз бирга...
- Ҳа, тўғри, тўғри. Тўйимиз куни биз доим бирга бўламиз деб бир биримизга сўз берганмиз. Бироқ, энди мен буни хоҳламайман. Эшитаяпсанми, мен сен билан бир сония ҳам яшашни истамайман.
- Мен эса айнан шуни истайман. Доим ёнимда туришингизни, ҳар сония мен билан бирга бўлишингизни Аллоҳдан тилайман.
Акром оёқларини ўраб турган ёпинчиқни олиб, жахл ила ирғитиб юборди.
- Кўраяпсанми мана буни? Бу оёқлар юрмайди, чўлоқ. Менинг тақдирим шундай, аммо сен ҳали келажагингни ўзгартиришинг мумкин. Бутун умр ногирон эрнинг қош-қовоғига қараб ўтиргандан, яхши хонадоннинг гўзал келини бўлиш афзал эмасми?
Акром бошини юқорига қаратиб, осмондаги бирин кетин ғойиб бўлаётган юлдузларга қараб қолди. Наима эрининг йиғлаётганини сезиб, жимгина пастда ётган ёпинчиқни олдида, яна қайта эрининг оёқларини ўраб қўйди.
- Шамоллаб қоласиз, ўраб олинг.
- Бўлди, етар. Ҳар куни менга раҳм-шафқат кўзи билан қарашингга, ўзгалар сени "ногироннинг аёли" деб чақиришларига, гулдай умрингни мендай дардисар билан зое кетказишингга бошқа чидолмайман. Уйга қайтиб боргач ажрашамиз.
Наима энди кўринай-кўринай деб турган қуёшга қараганча сўради:
- Хўп, ажрашганимиздан кейин нима бўлади?
- Сен ўз ҳаётингда, мен эс ўз ҳаётимда яшаймиз.
- Қандай қилиб?
- Сен ҳавотирланма, мен сенсиз ҳам ўзимни эплай оламан.
- Сиз-ку ўзингизни эпларсиз, аммо мен сизсиз қандай яшайман?
Акром тўсатдан берилган бу саволдан сесканиб кетди.
- Тўғри, биз севишиб оила қурмадик, бироқ, мен сизни турмушимизнинг илк кунлариданоқ севиб қолганман. Сизни севишимни яширмайман, буни айтишдан уялмайман ҳам.
Мени сиз билан ажрашмаганимнинг сабабини билмоқчимисиз? Бу бўйнимдаги фарзим, елкамдаги мажбуриятим, қалбим тубидаги раҳм-шавқат ҳисси боисидан эмас, балки юрагимдаги муҳаббат туйғуси туфайли.
Ёдингиздами, тўйимиз куни мен сиз учун садоқатли ёр, сабрли жуфти ҳалол бўлишга сўз берганим. Мен буни сиз ногирон бўлиб қолгунингизгача эмас, бутун умр учун айтганман.
Биласизми, мени қалбимга ҳар куни айтадиган сўзларингиз эмас, ҳаётга бўлган умидсизлигингиз кўпроқ озор беради.
Сиз умидсизланганингиз сайин, мени соғайишингизга бўлган ишончим ортаверади. Мен бунга ишонаман,
сиз албатта тузаласиз. Шунда бу ерларга пиёда бирга чиқамиз, қуёш отишини-ю ботишини ўтириб эмас, туриб қаршилаймиз. Фақат, бунинг учун биз доим бирга бўлиб, бир-биримизга елкадош бўлишимиз керак.
Аллоҳ барча бандаларини синайди, биз бу синовлардан ўтсак, барчаси ўз изига тушиб кетади.
Акром Наиманинг сўзларидан таъсирланиб кетди ва унинг қўлларини ўзиниг юрагига яқин олиб бориб паст овозда:
- Яхшиям сен борсан, - деди.
Наима эрининг сўзларидан ҳаяжонланиб, ёнида жилмайганча, мамнун ҳолда ўтирарди.
Шу онда қуёш секин бош кўтарди-ю, нури иккисининг янги кунга ишонч билан порлаб турган кўзларида акс эта бошлади.

@Solixa_Ayol
Яхшилик учун яқинларингиз билан баҳам кўринг!

https://t.me/joinchat/AAAAAEoqxJvob7F63SjCig