Get Mystery Box with random crypto!

– Опа, уйга бормайлик, ойим сизни уради,– дедим. – Бормасак бў | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

– Опа, уйга бормайлик, ойим сизни уради,– дедим.
– Бормасак бўлмайди, сен шамоллаб қоласан, – деди опам меҳрибонлик билан. У ўнқир-чўнқир кўчалардан туртиниб-суртиниб мени уйга олиб келди. Дарвозадан ҳовлига киришимиз биланоқ ойимнинг кўзи бизга тушиб, рўй берган воқеани англади чоғи, опамни қарғай кетди:
– Ҳу жувонмарг, Насиба ўлгур, сени огоҳлантиргандим-ку. Сен атайин қилгансан, шамоллаб, касал бўлиб қолсин, ўлиб кетсин, шундан қутулай дегансан…
Сен етимча ўлмадинг, мен қутулмадим…
Кийимларимнинг ҳўли ўтиб, жамалаксочлари, ранги униққан кўйлаклари баданига ёпишиб қолган опам титраб, гуноҳкорона йиғлаб турарди. Мен ҳам пиқиллаб унга қўшилдим.
Ойим қўлига йўғон бир калтакни олиб, биз томонга шахд билан юриб кела бошлади. Ғазабдан кўзлари косасидан чиққудек бўлиб опамни елкаси аралаш савалай кетди. Қўлидаги калтак билан опамнинг оёғига чунонам урдики, қарсиллаган товушдан ҳовлидаги дарахт шохларида чуғурлашаётган қушлар “пирр” этиб учиб кетишди. Опам:
– Ойи, урманг, – дея оёғини ушлаганча ўтириб қолди.
Ойим эса баттар жаҳл отига миниб, опамни елкаси аралаш тушира кетди. Оғриқнинг зўридан опам ўкириб юборди. Мен чидолмадим, ойимнинг этагидан тортқилай бошладим.
– Опамни урманг, ойи, мен ўзим йиқилдим, – дея ойимнинг қўлидаги калтакка ёпишдим. Ойим калтакни ташлаб мени қучоқлаб йиғлади.
– Сувда оқиб кетсанг нима бўларди, – деганча бошимни силади, лойли юзларимдан ўпди. Опамга ёвқараш қилиб қаради…
Узоқ пайт йиғлаб ўтирган опам базўр ўрнидан турди. У оёғини зўрға босар, назаримда, бели ҳам букчайиб қолгандек эди. Опамнинг аҳволини кўрган ойим қўрқди, шекилли, бизга бу воқеа ҳақида ҳеч кимга чурқ этмасликни тайинлади. Ўзи эса дадамга, Насиба кўчада ўйнаб юриб, йиқилиб тушибди, деди.
Опам шу кеча иситмалаб, алаҳсираб чиқди. Эртаси куни ҳам ўрнидан туролмади. Дадам қишлоғимиз шифокори Маҳмуд амакини бошлаб келди. Маҳмуд амаки опамни узоқ текшириб:
– Ёмон йиқилибди, жигари қаттиқ лат еган, аҳволи анча оғир, Аллоҳ шифосини берсин, – деди.
Шу куни анча йиллардан буён уйимизга келмай қўйган Дилбар аммам келиб қолди. Опамнинг аҳволини кўриб, йиғлаб юборди. Кимнидир пичирлаб қарғади. Опамнинг тўзғиган сочларини силаб, дардчил юзларидан, киртайган кўзларидан ўпиб, ёнида анча ўтирди. Ойим Насиба опамнинг бўлган воқеани аммамга айтиб қўйишидан қўрқибми, уларнинг атрофида парвона бўлар, опамга турли таомлар, мевалар едиришга уринарди.
– Мен эртага яна келаман, болам, – дея йиғлаганча ойим билан хайрлашмай чиқиб кетди аммам. Опам бироз ўзига келгандай эди, мени имлаб ёнига чақирди ва ҳансираганча оҳиста шивирлади:
– Ади, мени яхши кўрасанми?
– Ҳа, жуда-жуда яхши кўраман, – дедим мен гўё шундай десам, опам тузалиб қоладигандек. Назаримда, гапимнинг ҳар товуши юрагимнинг туб-тубидан ситилиб чиқаётгандек эди.
– Гапинг рост бўлса, мени яхши кўрсанг, энди сира ариқ бўйига бормагин.
– Хўп бўлади, сизсиз бормайман. Тузалсангиз ўзингиз олиб борасиз-а?
– Ҳа, сен учун тузаламан, ҳали бирга кўп ўйнаймиз, – деди опам маъюс жилмайиб…
Тунда опамнинг аҳволи яна оғирлашди. Алаҳсираб, кимларнидир чақирди, иҳради, йиғлади… Эрта тонгда ойимнинг “болам”лаб додлаган овозидан уйгониб кетдим.
қариндош-уруғлар тўпланди. Аёлларнинг йиғи-сиғиси қишлоқни тутди. Улар орасида Дилбар аммам ҳам бор эди. У:
– Ёшгина умри хазон бўлган болам, – дея ўзини ўзи уриб уввос соларди. Мен эса нима бўлаётганини англолмай ўртада анграйиб турардим.
– Ўгай она калтакларидан эзилиб адо бўлган, жабрдийда қизалоғим, – дея нола қиларди аммам. Бошқа аёллар ҳам унга жўр бўлишарди… Аммамнинг “ўгай” деган сўзидан тош қотдим. Наҳот, опам бизга ўгай бўлса?.. Унинг жавдираган нигоҳлари, ойимнинг қаршисида титраб турган ҳолати беихтиёр кўз ўнгимда гавдаланди. Ойимнинг Насиба опамни ёмон кўриши, унга кўп азоб беришининг сабабини энди тушунгандай бўлдим. Шу тобда ойимни жуда ёмон кўриб кетдим. Унинг йиғиси ҳам сохтадай туюлди.