Get Mystery Box with random crypto!

​​ Мулоҳаза МЕНИ ҲАМ ЭШИТИНГ! Бу сарлавҳани бежизга қўймадим | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

​​ Мулоҳаза

МЕНИ ҲАМ ЭШИТИНГ!


Бу сарлавҳани бежизга қўймадим. Одатда, биз қайнона-келин мавзусида деярли келинларни жабрдийда сифатида кўриб, доим уларни оқлаймиз. Дарҳақиқат, эзилган ва эзилаётган келинлар жамиятимизда кўп. Аммо ўша вазиятларда қайнонани ҳам эшитиб кўринг-да! Унинг гаплари ҳам ҳақ бўлиб кўринади. Келинг, мана бу икки қўшни қайнона сўзларига қулоқ тутайлик. Дарвоқе, келинлари уларни “золим” қайнона сифатида кўришади!
Ёши каттароқ қайнона шундай дейди:
– Шу кенжа келинимни келин қилиб олганимга салкам ўн йил бўлди. Ҳалигача уй тутумини билиб ололмаган. Бир нарсани ўргатсанг, яна ўша хатони такрорлайверади. Бундан олдин учта келин қилганман. Бирон марта сен-менга бормай, нима ўргатсам, дарҳол ўшани қулоғига илиб, доим “Хўп бўлади”, дейишган. Буниси эса ўла қолсаям, “Хўп!” демайди. Майли, буларни қўйиб турайлик. Бир нарса десанг, гап қайтаргани-гап қайтарган, ўзиникини маъқуллагани-маъқуллаган. Бир куни бозордан қайтяпман. Қўлимда иккита оғир сумка. Рўзғорга харажат қилиб келаётган эдим. Кўча бошида невараларимни кўриб: “Бор, онангни чақир, сумкаларимни кўтаришиб юборсин”, дедим. Улар уйга югуриб кетишди. Бироздан сўнг катта неварам – 2-синфда ўқийдиган боласини чиқариб юборибди. У кўтара олармиди? “Ие, онанг чиқсин, дедим-у”, деб қайта юбордим. Бир пайт келин ғўдранганча келяпти. “Нега ўзингиз келавермайсиз?” десам, “Кир юваётгандим”, дейди қовоғини уйиб. Шу айтишиб турганимизнинг устига қизим келиб қолди. Энди у роса йиғласа, денг. “Шуларнинг қорнини ўйлаб, ёшингиз катта бўлган ҳолда харажатларни бисёр қилиб келсангиз-у, югуриб келиб, қўлингиздан олмаса...” дейди бирам. Мен ўз қизим шу вазиятга гувоҳ бўлиб қолганидан хафаман, холос. Энди доим ўйланиб юради-да. Яна бир гап айтсам, зора бировларга ибрат бўлса. Ўша бозорликларни қилиб келсам, бошқа келинларим жой-жойига қўйишарди дарров. Шу кенжамиз эса қўл теккизмайди, харажатлар келтириб қўйган жойимда қолиб кетади. Кейин хафа бўлиб кетаман-да, ахир. Меҳнатингни қадрламаса, қайрилиб ҳам қарамаса...
Шу ерига келганда ёшроқ қайнона суҳбатга қўшилди:
– Мен ҳам бир нарсани қаттиқ хоҳлайман: бир жойдан келсанг-да, келинларинг пешвоз чиқиб: “Ассалому алайкум! Яхши бориб келдингизми? Чарчамадингизми?” деса... Агар шунақа дейишса, жуда қувониб кетаман. Ўзимни қадрли эканман, деб ҳис қиламан. Афсуски, икки келиним ҳам ундай қилишмайди. Ўзим келиб, ўзим овоз бераман “Мен келдим”, деб...
Шу сўзларни айтар экан, қайнона бечоранинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Рости, жуда раҳмим келди. Битта чиройли сўз кимни ўлдирибди?! Кулган юз, ширин калом... Бежизга гўзал хулқ эгаси жаннатнинг олий даражотларига хулқининг гўзаллиги даражасида кўтарилиб боради, дейилмаган ҳадисларда. Яна бир ҳадисда қиёмат куни тарозида энг оғир келадиган нарса гўзал хулқ экани айтилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида Аллоҳ таоло у зотни мақтаб Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: “Ва, албатта, Сиз улкан хулқдасиз” (Қалам сураси, 4-оят).
Ҳурматли келинлар, ҳушёр бўлинг, имкониятдан фойдаланинг, икки дунёда даражангизни кўтариб олинг, мақталган банда бўлинг. Зеро, ҳамма келинлар-да бундай имкониятга эга эмаслар! Бундан ташқари, қайтар дунёни ҳам унутманг!
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА,
“Мўминалар” журнали муҳаррири

@Solixa_Ayol
Яхшилик учун яқинларингиз билан баҳам кўринг!
БОСИНГ!
https://t.me/+SirEm-hvsXrdKMKK