Get Mystery Box with random crypto!

​​ 'Соқов” аёл ҳақида ҳикоя. Қайсидир замон, қайсидир юртда я | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

​​ "Соқов” аёл ҳақида ҳикоя.

Қайсидир замон, қайсидир юртда яшаган бу аёл гапга чечан, доим оила аъзолари, қариндошлари, қўни-қўшниларию ҳамкасблари – ҳамманинг кўнглини олишга ҳаракат қиларкан-у, негадир ҳеч ким билан тил топиша олмас экан. Назарида, ўзи ақлли, мулоҳазакору, атрофдагилар уни тушунмас, бировга ёмонлиги йўғу, яқинлари яхшилигини ҳам кўролмас экан. Кимгадир юриши, кимгадир туриши, яна аллакимга қарашлари ёқмас, ҳақлигини исботлайман, деб мудом куйиб-пишар экан. Ҳеч ким уни тушунмаётганини, айтганлари ҳавога учаётганини, умри сафсата билан ўтаётганини англаган аёл қақраган гулдек тобора сўлий бошлабди. Бир куни уй юмушларидан толиққан жувоннинг кўзи илинибди. Тушига мўйсафид чол кирибди ва бундай дебди: “Нега бу қадар маҳзунсан, кўнглинг чўккан? Ахир бир аёл орзу қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсага эгасан-ку! Оиланг бут, ота-онанг соғ-омон, шириндан шакар фарзандларинг, ёқтирган касбу коринг бор. Ўзингни бахтли ҳис қилишинг учун сенга нима етишмайди?” Аёл саволга тайинли жавоб беролмабди. Фақат улкан бу оламда ўзини ниҳоятда ёлғиз, ношуду нотавон ҳис қилаётганини айтиб, юм-юм йиғлабди. Мўйсафид мийиғида кулимсираб, “Ҳаммаси яхши бўлади”, дебдию ғойиб бўлибди. Аёл эшикнинг зарб билан тақиллашидан уйғониб кетибди. Ишдан чарчаб келган эри дастурхон тузалмаганини кўриб, дарғазаб бўлибди, хотинини тергабди. Аёл кун бўйи уй юмушларидан ортмаганини, озгина кўзи илинганини тушунтирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган экан, не ажабки... тили гапга айланмабди. Ўзини оқлашга ҳарчанд уринмасин, миқ эта олмасмиш. Нуқул кўзлари жавдираб турармиш. Хотинининг одатдагидек дийдиё қилишига шай турган эр бу ҳолатдан ҳайрон бўлибди. Кўнгли юмшаб, сабр билан кечки овқатни кута бошлабди. Ҳар сафар аёл атрофдагиларга ниманидир уқтирмоқчи бўлганида айнан шу вазият такрорланаверибди. Уйда эрию қайнонаси, ишхонада бошлиғи, боғчада тарбиячи, кўчада бегоналарга гапираман деб оғиз очиши билан тилдан қолармиш. Олдинига жуда қийналибди. Гапи ичида, заҳри тилида қолаверибди. Аста-секин тақдирга тан берибди. Жимгина ишини қиладиган, гап-сўзларга парвосиз йўлида кетадиган бўлибди. Кунларнинг бирида кўчадан ўтиб кетаётса, ортидан қўшнилари гапирганини эшитиб қолибди: – Анави жувон бирам оқила-я. – Гап-сўзлари ҳам жойида! Аёл ҳайратдан қотиб қолибди: “Мени гапиришяптими? Наҳотки?! Ахир оғзимдан ҳеч бир сўз чиқмаса...” Вақт ўтиб, бундай гапларни тез-тез эшитадиган бўлибди. Эри уни итоатли рафиқа, қайнонаси сабрли келин, қўни-қўшнилари доно суҳбатдош, бошлиғи яхши ҳодим сифатида кўра бошлабди. Аёл «соқов» бўлиш тили бийронликдан кўра кўпроқ фойда беришини тушунибди.

@Solixa_Ayol
Яхшилик учун яқинларингиз билан баҳам кўринг!

https://t.me/joinchat/AAAAAEoqxJvob7F63SjCig