Get Mystery Box with random crypto!

Зулм нима? 'Зулм' сўзи арабча сўз бўлиб, ўзбек тилидаги зулм | СОЛИХА АЁЛ🧕🧕🧕

Зулм нима?
"Зулм" сўзи арабча сўз бўлиб, ўзбек тилидаги зулм сўзига ўхшаб кетсада, ундан фарқли ўлароқ Ислом динида "ноҳақлик" деган маънони англатади. Зулм 2 хил томонга:
1. Аллоҳга
2. Аллоҳнинг махлуқотларига
йўналтирилиши мумкин.
Демак, зулм  - ноҳақлик Аллоҳга ва Унинг махлуқотларига нисбатан қилиниши мумкин экан.
Ислом динида фарз(мажбурият) ва вожиб(шарт) бўлган амалларни тарк қилиш ҳамда ҳаром(қатъий тақиқланган) ва макруҳи таҳримий(тақиқланган) амалларига қўл уриш Аллоҳга нисбатан зулм  - ноҳақлик қилиш саналади. Ахир инсон Аллоҳнинг қули бўла туриб, инсон ва оламни яратган, йўқдан бор қилган Роббисининг буйруқларини бажармаслиги, Унга итоат қилмаслиги ноҳақлик эмасми?! Шу жиҳатдан ширк энг катта зулм  - ноҳақлик саналади. Аллоҳ таоло шундай деган:
إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ *
(سورة لقمان - ١٣)
"Албатта ширк, шубҳасиз, улкан зулм  - ноҳақликдир".
(Луқмон сураси 13-оят)
Ширкнинг энг катта зулм  - ноҳақлик саналишига сабаб эса, олам ва инсонни Аллоҳ яратган бўлса-ю, инсон ҳаёт бўлиши учун керак бўлган ҳар бир омилни Аллоҳ етказиб берган бўлса-ю, инсон Аллоҳни қўйиб бут-санамлар, шахслар, жинлар ва ўз нафси каби Аллоҳдан бошқага сиғинганлигидир.
Ислом динида инсоннинг саломатлиги, мол-мулки ҳамда руҳияти ва обрўсига шикаст етказиш даражасида унга ёмонлик қилиш Аллоҳнинг махлуқотига зулм  - ноҳақлик қилиш саналади.
Инсонга зулм қилиш 3 хил бўлади. Улар:
1. Моддий
2. Жисмоний
3. Маънавий
Инсоннинг мол-мулкини тортиб олиш, ўғирлаш, фирибгарлик(машенниклик) йўли билан олиш, хизмат ҳаққини тўлиқ бермаслик, молиявий келишувларга риоя қилмаслик, қодир бўла туриб қарзини бермаслик ёки беришга қодир бўла туриб қарз берган кишидан изн сўрамасдан уни вақтидан кечиктириш, бировнинг ҳаққини унинг изнисиз ейиш ё ишлатиш каби унинг моддий томонига зарар етказиш ишлари моддий зулм - ноҳақликка киради.
Инсонни ноҳақ уриш ё тепиш ёки ўлдириш (унга ҳақли бўлган ўринлар асосан душманни даф қилишда бўлади), унга қила олмайдиган ёки саломатлигига зарар етказадиган ишларни юклаш ё талаб қилиш ёки қилдириш каби унинг жисмига, саломатлигига зарар етказадиган, ҳаётига хавф соладиган ишлар жисмоний зулм - ноҳақлик дейилади.
Инсоннинг асабини бузиш,  руҳиятини чўктириш, уни қўрқитиш, уни камситиш, сўз ё ишора билан уни ёмон қилиб кўрсатиш, уни ғийбат қилиш ёки унга туҳмат қилиш билан обрўсига шикаст етказиш, уни сўкиш ва ҳақорат қилиш, унга қўпол гапириш ёки у билан  гаплашмай қўйиш, аёлига ноҳақ талоқ дейиш, ўғлидан келинига талоқ қўйишини талаб қилиш каби ишлар инсоннинг тўғридан тўғри жисмига эмас маънавиятига зарар етказиш бўлиб,  маънавий зулм  - ноҳақлик деб аталади.
Зулм сўзи маънода адолат сўзининг зиддидир. Шунга кўра, зулм қилган киши адолатсизлик қилган бўлади, зулмдан ўзини тийган киши эса адолатга риоя қилган бўлади.
Ислом динида зулм - ноҳақлик қилган киши золим дейилади. Қуръони Карим ва ҳадисларда келган зулм қилиш ва золим маънолари бир вақтнинг ўзида Аллоҳга нисбатан ноҳақлик қилишни ҳам, инсонга нисбатан ноҳақлик қилишни ҳам ўз ичига олади.

Абдул-Аҳад Иззатуллоҳ ўғли.

@soliha_ayollarga qq