Get Mystery Box with random crypto!

Бугуннинг энг долзарб хабари ҳеч шубҳасиз Human.uz директори Х | Soliyev

Бугуннинг энг долзарб хабари ҳеч шубҳасиз Human.uz директори Хуршид Далиев ва бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ҳамда сайтнинг бошқа ходимлари олиб кетилгани ҳақидаги хабар бўлди. Бу ҳақида ортиқча нимадир дейиш шарт эмас. Яъни маълумот жиҳатидан ҳамма гап нимада эканини билиб бўлди. Шунинг учун мен вазиятга ўз муносабатимни айтсам.

Ушбу сайт ва ундаги муҳитда оз бўлсада яшаган, ишлаган одам сифатида бу ОАВда ким қандай ишлаши, қандай меҳнат қилинишини яхши биламан. Ҳар икки раҳбарни инсон сифатида ҳурмат қиламан. Муслим ака журналист сифатида ҳам эътирофга лойиқ. Жуда яхши, камтар, иродали инсон. Бу сайт менинг медиа оламга кириб келишимдаги илк зинапоя бўлган. Журналистикада илк устозим десам ҳам бўлади. Шу сабаб бугунги ҳолат менга бошқача таъсир қилди. Уларнинг оиласи нималарни ўйлаётгани, ўзларининг қалбидан нималар ўтаётганини тасаввур қила олмайман.

Лекин бошқа томондан олиб қаралса, уларнинг олиб кетилишига сабаб сифатида телеграмдаги «Компроматузб» деган канал ва ундаги постлар эканлиги айтилди. Шу ва шунга ўхшаш каналларни жинимдан баттар ёмон кўраман. Агар ростан бу канал айнан шу журналистлар томонидан юритилган бўлса, бу журналистик иш эмас мен учун. Этикага, қоидаларга тупуриб қўйиб ёзиларди бу каналда. Шу сабабдан эҳтимол айб тасдиқанса, тегишли тартибда жазоланишлари керак. Қонун ҳаммага тенг. Аммо ҳали гумонлар тасдиқланмай туриб уларни айблаётган «авлиёлар» ҳам тўғри йўлда эмаслигини айтмоқчиман. Суддан бошқа ҳеч ким фуқарони айбдор дейишга ҳақли эмас.

Хуллас, вазият қалтис ва чалкаш. Бунинг оқибатида «Компромат»га ўхшаш каналлар тийилиб қолиши мумкинлиги яхши, лекин буни сўз эркинлигига таҳдид ўлароқ қабул қилган бошқа оммавий ахборот воситаларида «самоцензура» шаклланиши ёмон.

Якунда айтмоқчи бўлганим шуки, Аллоҳ буларга енгиллик берсин. Айблари бўлса, тегишли тартибда жавоб беришади. Бўлмаса, бу ҳолат уларнинг кейинги фаолиятига таъсир кўрсатмайди деб умид қиламан.

@soliyev