2022-07-04 09:45:40
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган (қилинаётган?) яна бир мавзуга тўхталиб ўтмоқчи эдим. Бу тўполонларга сабаб бўлган таклиф – Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан чиқиш бўйича референдум ўтказиш ҳуқуқининг олиб қўйилиши атрофидаги баҳсларни кузатар эканман, икки томон ҳам аввало этник аргументга мурожаат этаётганини кўряпман. Бир томон "референдум қилиб, чиқиб кетамиз" деяпти, яъни референдум муқаррар унга маъқул натижа беришига ишонмоқда; бошқа томон "Қорақалпоғистонда фалон фоиз ўзбек бор, чиқиб кетишга рози бўлишмайди" демоқда.
Масалага бундай этник ёндашув аввал-бошидан ҳалокатлидир: баҳс иштирокчилари Қорақалпоғистон халқини этник белгига кўра "биз" ва "сиз"га ажратяпти, бу билан этник бўлинишни мутлақлаштиряпти ва шунга қараб ўша потенциал референдумнинг натижасини башорат қиляпти. Аслида этник ёндашувдан, этник бўлинишдан қочиб, Қорақалпоғистон халқини тўлалигича Ўзбекистон фуқаролари сифатида кўриш, сўнг бу фуқароларнинг манфаатларидан, қарашларидан, муаммоларидан келиб чиқиш керак деб ўйлайман.
Референдумларга муносабатимни аввалроқ билдирганман: уларга мамлакатнинг бутун ҳуқуқ тизимини остин-устин қилиб юборадиган, чегараларни, тузумни ўзгартириб юборишга имкон берадиган восита сифатида қарамаслик керак. Ҳеч қандай референдум республикани халифаликка, битта давлатни иккита давлатга айлантириш имкониятини бермаслиги керак.
Лекин, мабодо шунақа референдум масаласи кўтарилса, аввало, тинчлик шароитида ўтказилиши, муҳокама учун камида ярим йил вақт берилиши лозим. Мана шу давр ичида томонлар ўз аргументларини кенг оммага тақдим этиб, одамларни ўйлаб кўришга, хулосалар чиқаришга ундайди. Агар бу муҳокамаларда этник ёндашув илгари сурилса, "ўзбек бўлганингиз учун ажралманг!" ёки "қорақалпоқ бўлганингиз учун ажралинг!" каби шиорлар илгари сурилса, бу жамиятнинг бўлинишига, этник низога олиб келади, зеро мана бу этник гуруҳ тўлиғича ажралиб чиқишни хоҳлар экан, буниси хоҳламас экан, деган янглиш тасаввур ҳосил қилади, одамларнинг этник бўлинишини асосий масалага айлантириб қўяди.
Аслида ривожланган, илғор жамиятларда бу каби оммавий масалалар бошқача аргументлар ёрдамида муҳокама қилинади – фуқароларнинг шахсий қайғу-интилишларига, ижтимоий ва иқтисодий манфаатларига, урғу берилади. Одамлар бу каби жиддий сиёсий масалаларда бир қарорга келиши учун бу аввало уларнинг ҳаётига қандай таъсир қилишини тушунтириш лозим.
Ўзбекистонда тўлақонли яшашингга бирор нарса халақит беряптими, йўқми? Бундай ўзгаришдан сўнг Хоразмдаги ёки Самарқанддаги қудаларинг билан борди-келди нима бўлади? Тошкентда уй сотволгансан, у ердаги банкка пул қўйгансан, йиғиб қўйган бу давлатинг нима бўлади? Пойтахтда очилган бизнесинг-чи? Водийдаги курсдошлар билан қандай кўришасан? Ўзбекистон ўлароқ эришилган ютуқларнинг катта қисмидан кечиб, барини нолдан қуришдан шахсан сенинг манфаатинг нима, фаровон ҳаётни кўришга умринг етадими? Янги тузилмани ўзи биров тан оладими, у ўзини ҳимоя қила оладими, четга чиқа оласанми, қўшни давлатлар билан муносабат қанақа бўлади? Экологик, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ресурс етадими?
Ишончим комил, масалага бу томондан қаралса ва ўйлаб кўришга етарлича вақт берилса, мутлақ кўпчилик, этник келиб чиқишидан қатъи назар, бирликни ва яхлитликни танлайди. "Қорақалпоқмиз, демак ажралиб чиқамиз" дейдиган этник миллатчилар эса маргинал озчилик бўлиб қолаверади.
Бизни интеграция – барча минтақаларнинг яқин иқтисодий ва маданий алоқалари қутқаради. Иқтисодий ўсиш ҳамда этник стереотиплардан юқорироқ туриш эса этник миллатчилардан савиямиз анча устун эканини кўрсатади ва одамларни ўйлашга мажбур қилади.
@AsanovEldar
332 viewsSirojiddin Bobokulov, 06:45