Get Mystery Box with random crypto!

​15 май - Халқаро оила куни Бугунги кунда Сирдарё вилоятининг | Sirdaryo | Onlayn

15 май - Халқаро оила куни

Бугунги кунда Сирдарё вилоятининг 900 минг 882 нафар аҳолиси 237 мингдан ортиқ оилаларда истиқомат қилади. Бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор, фарзанд неъмати бор.

Шундай бебаҳо неъматлар билан сийлаганига шукрона қилиш баробарида азиз дилбандларимиз бахти-камолини кўришни ният қиламиз, дунёдаги барча яхшиликларни уларга тилаймиз. Ҳатто, товонига тикон кирса, юрагимиз зирқирайди. Биз ана шундай севамиз фарзандларимизни. Зеро, улар сабаб ота-оналик бахтига эришдик.

Оила деб аталувчи мустаҳкам қўрғоннинг устуни ота бўлса, унга файз киритувчи онадир. Она меҳрининг чексизлиги асрлар мобайнида ўз исботини топган. Дунёда она меҳрининг, аёл муҳаббатининг баҳосини ўлчайдиган мезон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу ҳилқатда нозиктаъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, оналик жасорати, рафиқалик масъулияти мужассам. Ҳар бир аёл ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди омон, бошида турган бошпаноҳи-турмуш ўртоғи соғ бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.

Ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша ўз бағрига чорлайдиган оиламиз мустаҳкам бўлсин. Ўз оиласини, фарзандлари тарбиясини ўрнига қўйиш баробарида жамият ҳаётида, фан, таълим, маданият, санъат, борингки, барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг бахт масканларида тинчлик ва тотувлик ҳукм сурсин. Байрамингиз муборак бўлсин!

Наргиза Тожибоева,
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари – вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи