Get Mystery Box with random crypto!

Мурожаатномада Президентимиз барча раҳбарларга мажлисларни ва | Sherzod Shermatov

Мурожаатномада Президентимиз барча раҳбарларга мажлисларни ва қоғозбозликни камайтириш, унинг ўрнига натижага ишлаш бўйича аниқ топшириқ берган эдилар. Ҳар бир мажлиснинг ҳам ўзига яраша харажат эканлигини куйиниб гапирганларини ушбу қисқа видео тасвирда кўришимиз мумкин. Лекин, бу топшириқни охиригача тушунмай, ҳали ҳам баъзи раҳбарлар қанча кўп мажлис ўтказиб, топшириқ берса, шунча яхши ишлаётган бўлади деган нотўғри тушунчага эга бўлиб қолаётгани ачинарли ҳол. Айниқса, кечроқ ёки дам олиш куни мажлис ўтказса, жуда фидоий ишлаётгандек бўлса керак.

Президентимизнинг бу топшириқларини барча бўғин раҳбарлари ижросини тўғри таъминлашса, кўзланган мақсадга эришиш тезроқ бўларди. Ҳамманинг асосий фаолияти бўйича бажариши керак бўлган вазифалари бор (KPI). Шу сабабли, қайси соҳанинг биринчи раҳбари, ўринбосарлари, ҳудудий бошқарма ва бўлим раҳбарларининг вақтини қанча кўп мажлислар ва қоғоздаги фойдасиз топшириқлар билан кўмиб ташланса, шунча ўша соҳа орқада қолиб кетаверади... Мактабларни ҳам турли хил тадбирлар ва мажлислар билан кўмиб ташлаш бўйича ташаббускорлар кундан-кун ортиб бормоқда, бу эса мактаб жамоаси ва ўқувчиларнинг ҳам асосий ишидан чалғитишга сабаб бўлмоқда...

Иқтисодиёт фанида биринчи навбатда ресурсларнинг чегаралангани ўргатилади. Шу жумладан, давлат хизматидаги инсон ресурслари ҳам чегараланган. Уларнинг вақтини самарасиз мажлисга ёки қоғозга кўмишдан фойда йўқ. Хўжакўрсинга кечаси ёки дам олиш куни мажлис қилиб кўп ишлагандек кўриниш эмас, ақл билан ишлаб, таҳлил қилиб, тизимли муаммоларни ечишга ҳаракат қилинса, келгусида каттароқ муаммоларни олдини олишга имконият бўлади.

Бу ҳақида раҳматли Эркин Воҳидовнинг собиқ СССР пайтидаги қуйидаги қўрқмай ёзилган ҳажвий-юмористик руҳдаги шеъридан парчани ўқиб ҳам хулоса қилса бўлади. Баъзилар эса буни ҳажвия эмас, иш учун қўлланма сифатида қабул қилаётганга ўхшайди...

МАЖЛИС ҚИЛИНГ

Вақтингиз бўш бўлса ҳам,
Бўш бўлмаса, мажлис қилинг,
Кўнглингиз хуш бўлса ҳам,
Хуш бўлмаса, мажлис қилинг,
Сиз бирор мажлиссиз ўтган
Кунни кун деб айтмангиз,
Тортингу ҳомуза,
Маъруза узун деб айтмангиз,
Ҳамма такрор этса бир гапни,
Нечун, деб айтмангиз,
Сиз ҳам, эй тафтишчилар,
Мажлис саноғин текширинг,
Ҳамқарор, кун тартибу
Ҳужжат вароғин текширинг.
Кўрмасин деҳқон дала,
Созанда соз, шоир қалам,
Ишчи ҳам дастгоҳ ёнига
Қўймасин асло қадам,
Очмасин олим китобу
Қилмасин тажриба ҳам,
Кимки гап билмас, билар иш,
Қилсин ўлгунча алам,
Иш биларни ургани
Мушт бўлмаса, мажлис қилинг.
Белни боғланг, бу жаҳонни
Тўлдиринг қоғоз билан.
Ўзни алданг, бўлмаганни
Бўлдиринг қоғоз билан.
Иш билан шод этмангиз ҳеч,
Кулдиринг қоғоз билан.
Ким қоғозбозликни суймас,
Ўлдиринг қоғоз билан.
Вақт ўтар, соат ўтар
Кун ой бўлур, ой йил бўлур.
Киму ўтган умрига
Қарсак чалур, қойил бўлур?!
Фурсат энг олий ҳакамдур,
Доимо одил бўлур,
Барча бир кун ул ҳакамнинг
Ҳукмига дохил бўлур,
Тўплангиз эс-ҳушни,
Эс-ҳуш бўлмаса, мажлис қилинг.
1982