2023-02-21 09:52:29
“Ихтиро қилинган” анъаналар ҳақида
Бирон жамиятнинг қон-қонига сингиб кетгандек туюладиган, ўша жамиятдаги ҳаётнинг ажратилмас бўлагига айланган анъана аслида яқин ўтмишда шаклланган бўлиши мумкинми? Тарихда бунга мисоллар кўп. Қанчалик қадимий кўринмасин, улар ҳатто сунъий равишда “ихтиро қилинган,” яқинда пайдо бўлган одатга кейинчалик қадимий тус берилган бўлиши ҳам мумкин. (Бу ҳақда инглиз тарихчилари Эрик Хобсбом ва Теренс Рейнжернинг ҳозирда классикага айланган китоби бор).
Япония билан Буюк Британияни 10 минг километрча масофа ажратиб турса-да, уларни боғлаб турувчи умумийликлар талайгина. Тўғри, бу ўхшашликларнинг баъзилари тақлид натижасида юзага келган—Мейжи даври Японияси зиёлилари орасида уни “Шарқнинг Британияси” деб атовчилар бўлган. Аммо табиийлари ҳам йўқ эмас. Масалан, иккаласи ҳам орол давлат бўлиб, Японияда ҳатто “оролликлар менталитети” (
шимагуни конжо, 島国根性) деган ибора ҳам мавжуд. Катта қуруқликдан узоқда, ташқи ҳужум ва таъсирлардан ҳимояланган тарзда яшаган оролликлар ўзига хос фикрлаш ва яшаш тарзига эга бўлади, деган ғояга асосланган.
Яна бир ўхшашлик “навбатга туриш” маданиятида. Иккала давлатни биладиган инсондан сўралса, навбатга туриш британияликлар ва японларга хос анъана эканини айтишса ажаб эмас. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги кунга келиб хоҳ Буюк Британияда, хоҳ Японияда одам гавжум жойда буни истаганча кўриш мумкин. Британияликлар ҳақида кўп айтиладиган мифлардан бири: улар навбатга туришни яхши кўради, бундан ҳатто завқланишади, деган мифдир. Токио ё Осака шаҳрида тиғиз пайтда поезд ё метрога чиққан одам билади-ки, у ерда одамлар нафақат эскалаторда навбат билан, бир томонда туришади, балки поезд келишидан олдин унинг эшигига тўғри тизилиб ҳам туришади (бекат платформасида поезд тўхтаганида эшик тўғри келадиган жойлар белгилаб қўйилган, машинист поездни тўхтатганида эшик навбат олдида очилади). Биринчи кўрганда ҳайратга соладиган бу ҳолат, мамлакатда бир муддат яшаганингиздан кейин оддий ҳолга айланади: атрофда ҳамма бажарган ишни инсон ҳеч қандай кўрсатма ё ундовларсиз бажара бошлайди.
Японияда бир муддат яшаганимдан кейин, мен ҳам навбатга туриш маданияти бу жамият учун ажралмас, ниҳоятда муҳим қоида эканини тушунганман. Кундалик ҳаётга шунчалик сингиб кетганидан, бошқача бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ўйлаб кўрилса, тартиб билан навбатга туриш японлар учун ҳамиша муҳим бўлмаганини тушунса бўлади: гавжум кўча, дўкон ва бекатлар қурилишидан—шаҳарлашишдан—олдин бунга эҳтиёж бўлмагани аниқ.
2014 йилда Токиода тадқиқотим даврида, Ничиэй киноархивида урушдан кейинги тикланиш даври—1947 йилда ишланган “Япония оёққа тура оладими?” фильмини кўраётганимда бир неча сониялик лавҳа диққатимни тортган (юқоридаги скриншотга қаранг). Унда бир неча эркак ва бир аёл кўринишидан бир давлат идораси дарчасида нима учундир навбатга туришибди. Шунда бир киши келиб, навбатсиз олдинга ўтиб кетмоқчи бўлади, аммо навбатда турган йигитлар уни ёқасидан ушлаб, куч билан орқага ўтказиб қўйишади (лавҳани мана бу ерда тўлиқ кўриш мумкин). Бу қисқа лавҳа ўша пайтда мени ҳайрон қолдиргани эсимда, чунки ҳозирги Японияда бундай вазиятни тасаввур қилиш қийин. Аммо тарихни эслаб, ўйлаб кўрилса, менталитет қанчалик кучли кўринмасин, эҳтиёж ва шароит ўзгаргани сари анъаналар ҳам ўзгара боришини тушуниш мумкин.
Каналга обуна бўлиш https://t.me/profsherzod
Мақола маъқул бўлса, яқинларингиз билан бўлишинг
28 views06:52