Get Mystery Box with random crypto!

ТОВОНДАГИ ЁРИҚЛАРНИ ДАВОЛАШНИНГ ОДДИЙ УСУЛЛАРИ Товон терисини | Шифо-инфо

ТОВОНДАГИ ЁРИҚЛАРНИ ДАВОЛАШНИНГ ОДДИЙ УСУЛЛАРИ

Товон терисининг ёрилиши, албатта, ёқимли ҳол эмас. Бу ёриқлар айрим касалликлар, масалан, қандли диабет ёки оддийгина тери қуриши каби касалликлар аломати бўлиши мумкин. Улардан халос бўлиш учун эса аввалига унинг “айбдорларини” аниқлаш лозим бўлади.

Ноқулай ва тор пойабзал товон терисини жароҳатлайди ёки уни сиқиб қўяди. Таркибида синтетика бўлган пайпоқ ва колготкалар ҳам товондаги ёриқларни қўзғаши турган гап. Ёзда бу соҳадаги терининг зарарланиши атрофи очиқ оёқ кийим ёки шиппакни кўп кийиш туфайли пайдо бўлади. Яъни товонда қадоқ, кесилган ёки ёрилган соҳалар пайдо бўлади.

Товон терисининг ёрилишига замбуруғ инфекциялари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, дерматит ва псориаз каби тери касалликлари ҳам бу ёқимсиз ҳолатнинг “доялари” бўлиши мумкин.

Агар товон териси кучли ёрилган бўлса, энг аввало, қонда қанд миқдорини аниқлаш лозим. Негаки айнан шу хасталик туфайли организмда моддалар алмашинуви бузилади. Оқибатда терида нафақат ёриқлар, балки яра-чақалар ҳам пайдо бўлади.

Организмда ёшга доир ўзгаришлар туфайли ҳам товон терисида ёриқлар пайдо бўлиши мумкин. Масалан, аёлларда климакс даврида гормонал баланс ўзгариши кузатилади. Қон ва ёғ алмашинуви бузилади. Бунинг оқибатида тери қуруқлашиб, унда ёрилишлар пайдо бўлади.

Товон териси, кўпинча ёзда ёриляптими? Бу ҳолат қуруқ ҳаво таъсирида пайдо бўлади. Қишда эса оғир пойабзалларда узоқ вақт юриш, оёқ кийим ичининг нам бўлиб қолиши сабабли юзага келади.

Ортиқча вазн бутун тана аъзоларига таъсир кўрсатгани каби товон терисини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Танадаги бор оғирликнинг оёққа, аниқроқ қилиб айтганда, товонга тушиши сабабли унда қон айланиши издан чиқади. Бу эса юқорида айтиб ўтилган муаммоларга сабаб бўлади.

Товон териси ҳам тананинг бошқа соҳа териси каби парваришга муҳтож. Товонга тез-тез озиқлантирувчи ва намлантирувчи кремлардан суртиб туриш ёрилишлардан сақлайди.

Авитаминоз, яъни организмда А витамини танқислиги оқибатида терида ёриқлар пайдо бўлади.

Нима қилиш мумкин?

Энг аввало, оёқни денгиз тузи ёки бир неча томчи эфир мойи томизилган сувда ванна қилиш тавсия этилади. 15-20 дақиқа ванна қилгач, товон соҳасини махсус пемза билан тозалаш ва устидан скраб суртиш лозим. Скраб ўрнига оёқ териси учун мўлжалланган кремдан фойдаланса ҳам бўлади. Кейин оёқни яхшилаб қуритиш (дарҳол пайпоқ кийиб олманг) керак.
Агар терида замбуруғ ёки шунга ўхшаш қўзғатувчи инфекция аниқланган бўлса, шифокорга мурожаат этган ҳолда даволаниш керак. Негаки инфекция оёқ бармоқларига ёки тирноқларга ўтиб кетиши мумкин. Муаммо сабабчиси витамин танқислиги бўлса, мева-сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.
Пойабзалнинг эса оёғингизга мосини олишингиз тавсия этилади. Совуқ мавсумда уларни қуритиб, ана ундан кейин кийиш лозим.

Тавсия

Уйқуга ётишдан аввал товон терисига вазелин ёки шунга ўхшаш юмшатувчи суртмалардан суртиб қўйинг. Устидан пайпоқ кийиб, ухлашга ётинг. Эрталабгача ёриқлар юшаб, секин-аста тузала бошлайди.

Каналга уланиш
https://t.me/shifoinfo_official