Get Mystery Box with random crypto!

ТАЪТИЛ БЕРИШДАГИ ИШ ЙИЛИ ТУШУНЧАСИ НИМА? САВОЛ. Ассалому алай | Qonunchilik.uz

ТАЪТИЛ БЕРИШДАГИ ИШ ЙИЛИ ТУШУНЧАСИ НИМА?

САВОЛ.
Ассалому алайкум. Ходимимиз 2023 йил 24-мартда ишга кирган эди, бу йили таътилга чиқмоқчи эмас.
Шу ходимни таътилини 2024-йилга ўтказса бўладими? Бунинг учун қандай буйруқ қилиш керак?

ЖАВОБ.

Ва алайкум ассалом.

Саволингизга жавоб ёзишдан аввал иш йили тушунчасига бироз тўхталиб ўтсам:

Ўзбекистон Республикаси Янги Меҳнат кодексининг 225-моддасининг биринчи қисмига қараймиз: Иш йили деганда ходимнинг муайян иш берувчида ўн икки ойга тенг бўлган ва ҳақиқатда иш бошланган санадан эътиборан ҳисоблаб чиқариладиган иш даври тушунилади дейилган.
Ушбу модданинг 2-қисмида эса агар ушбу Кодекснинг 226-моддасига мувофиқ иш йилига киритиладиган даврларнинг суммаси тўлиқ ўн икки календарь ойдан кам бўлса, ходимнинг иш йили етишмаётган вақтга сурилади дейилган.
227-моддасининг биринчи хатбошисида биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган олти ой ўтганидан кейин юзага келади. Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишлаган олти ой ўтгунига қадар ҳам меҳнат таътили берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

228-модданинг 1-2-қисмларида иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили иш берувчи ва ходим учун мажбурий бўлган таътиллар жадвали билан белгиланадиган ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатига мувофиқ берилади,Таътиллар жадвали календарь йил бошлангунига қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра тасдиқланади деб белгиланган.
Меҳнат таътили ходимга ҳар йили берилиши Қонун билан кафолатлаганлиги боис иккинчи, учинчи ва ундан кейинги йиллар учун таътил олиш ҳуқуқи тегишли иш йили кириши билан юзага келади.

216-модданинг 1-хатбошисига кўра ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир.

Агар ходим билан 2023 йил 24 март куни меҳнат шартномаси тузилган ва шу кундан иш бошлаган бўлса, ушбу ходим биринчи иш йили учун олти ой ўтганидан кейин, яъни 2024 йил 25 сентябр кунидан меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда ходимнинг биринчи иш йили деб
24.03.2023 йилдан 23.03.2024 йилгача бўлган даври олинади.

Иккинчи ва ундан кейинги иш йили учун:
24.03.2024 йилдан 23.03.2025 йилгача;
24.03.2025 йилдан 23.03.2026 йилгача (ва ҳ.к.) бўлган иш даври ҳисобидан ходим фақат ушбу иш йили кириши билан меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.

Кўриб турганингиздек, ходимнинг ушбу ҳуқуқи учун шунчаки ўтган йиллик календарь даври эмас, балки ходимнинг олти ойлик иш стажи (биринчи иш йили учун) ҳамда унинг иш йиллари ҳисобга олинади.

Саволингизга жавоб сифатида хулоса қилсак, сиздаги вазиятда ходимни иш йили 24.03.2023 йилдан 23.03.2024 йилгача бўлганлиги учун ходимни таътиллар жадвалига мувофиқ 2023 йил 25 сентябрдан бошлаб, 31-декабргача камида 15 кун олдин хабардор қилган ҳолда таътилга чиқаришингиз ёки тарафлар рози бўлса 2024 йилги таътиллар жадвалида январ, феврал, март ойларидан исталган бирига қўйган ҳолда таътилга чиқаришингиз мумкин. Муҳими 23.03.2023 йилдан ўтиб кетмасин.
Бу кўчириш деб ҳисобланмайди, Меҳнат Кодексининг 230-моддасига кўра ҳар йилги меҳнат таътилининг бир қисмини кейинги иш йилига кўчириш:
-Ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак.
-Ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн тўрт календарь кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин бўлиб, ушбу йил давомида ундан фойдаланилиши шарт.
-Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга, ногиронлиги бўлган ходимларга ҳар йилги меҳнат таътилини, шунингдек ушбу Кодекснинг 481 ва 483-моддаларида кўрсатилган ҳар йилги қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади дейилган талабларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

Шерзод Толибов, Марғилон шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти, 3-даражали юрист