Get Mystery Box with random crypto!

4-КУРС ТАЛАБАСИ МАКТАБДА ПСИХОЛОГ ЛАВОЗИМИДА ИШЛАШИ МУМКИНМИ? | Qonunchilik.uz

4-КУРС ТАЛАБАСИ МАКТАБДА ПСИХОЛОГ ЛАВОЗИМИДА ИШЛАШИ МУМКИНМИ?
Ҳозирда психология йўналишида сиртқи (махсус сиртқи) университетнинг 4 курсининг ўқиётган талаба мактабда психолог бўлиб ишлаши мумкинми? Мактабда психолог штати бўш. Мактаб рахбарияти рози. Адлия бўлими -мумкин эмас -демоқда.
ЮРИСТ ЖАВОБИ:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 07.12.2019 йил 393-сонли буйруғига асосан умумтаълим мактабларида психолог лавозими учун камида бакалавр даражасидаги психологик ёки олий маълумот ва унга қўшимча психология йўналиши бўйича қайта тайёрлов курсини тугатганликни тасдиқловчи дипломли бўлиш каби малака талаблари белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 646-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги низомнинг 8-бандига ўзгартириш киритилган.
Унга кўра олий таълим муассасасининг 4-курсида, педагогика йўналишларида кундузги, кечки, сиртқи бўлимларининг 3-курсида ўқиётган шахслар педагоглик ишини амалга ошириш учун қўйилиши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади. Лекин психолог педагог ҳисобланмайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 25-сонли қарори иловаси 3-бандида
“мутахассислар — халқ таълими ташкилотларида методист, дефектолог, логопед, психолог, кутубхоначи ва мутахассис лавозимларида фаолият кўрсатувчи шахслар;
педагог ходимлар — халқ таълими ташкилотларида таълим-тарбия фаолиятини амалга оширувчи ўқитувчи ва тарбиячилар” тўғрисида тушунча берилган.
Шу қоидага кўра 4-курс талабаси мактабда психолог лавозимида ишлаши мумкин эмас деб ҳисоблаймиз ва адлия бўлими эътирози ўринли.