Get Mystery Box with random crypto!

Штат қисқариши сабабли ходимларга 2 ойлик огоҳлантириш хатлари | Qonunchilik.uz

Штат қисқариши сабабли ходимларга 2 ойлик огоҳлантириш хатлари берилган.
Ушбу давр давомида ходим меҳнат таътилига чиқса ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлса, огоҳлантириш муддати чўзиладими?

Иш берувчи меҳнат шартномасини технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан, шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда бекор қилинганда, бекор қилиш нияти ҳақида ходимни ёзма равишда (имзо чектириб) камида икки ой олдин огоҳлантириши шарт. Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди, меҳнатга оид муносабатларнинг корхона тугатилганлиги натижасида бекор қилиниши бундан мустасно (МК 102-м. 1-қ. 1-б. ва 6-қ.). Шунга асосан огоҳлантириш муддатига меҳнат таътили вақти қўшилиб кетади, бироқ вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври огоҳлантириш муддатига кирмайди. Шу билан бирга, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ва таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (МК 100-м. 3-қ.). Шунинг учун, агар огоҳлантириш муддатининг охири таътил даврига тўғри келиб қолса, меҳнат шартномасини таътил тугагандан кейин бекор қилиш мумкин.