Get Mystery Box with random crypto!

Интизомий жазо қўлланилган даврда ходимни рағбатлантириш мумки | Qonunchilik.uz

Интизомий жазо қўлланилган даврда ходимни рағбатлантириш мумкинми ?

Иш берувчилар томонидан интизомий жазога тортилган ходимларга нисбатан қандай рағбатлантириш турлари қўлланилиши тўғрисидаги саволлар ҳар бир ташкилотнинг кадрлар ва бухгалтерия бўлими ходимларини ўйлантирган масала ҳисобланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тушаётган кўплаб мурожаатларнинг мазмунини инобатга олган ҳолда интизомий жазо чораси қўлланилган даврда ходимларга нисбатан қандай турдаги тўловлар тўланиши тўғрисида тушунтиришлар бериб ўтамиз.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 180-моддасида интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмаслиги белгиланган бўлиб, мазкур рағбатлантириш чораларининг аниқ рўйхати белгиланмаган.

Рағбатлантириш чораларининг турлари, уларни қўлланиш тартиби эса иш берувчи ва ходимлар вакиллик органининг келишувига биноан ташкилотнинг жамоа шартномасида, ички меҳнат тартиби қоидаларида ва бошқа локал ҳужжатларида, шунингдек, жамоа келишувларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда белгиланиши назарда тутилган.

Мазкур талабларга қўшимча равишда меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги меҳнат қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб, амалиётда ташкилотларнинг “Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисида”ги Низомлари ёки жамоа шартномаларида ходимларнинг меҳнат ҳақи турлари икки турга бўлинади ва натижада интизомий жазо қўлланган ходимларга меҳнат ҳақининг қайси турини қўллаш масаласига яққол жавоб топилади.

Демак, булар:

- меҳнат ҳақи (иш ҳақи) тизимида назарда тутилган тўловлар;

- рағбатлантириш тўловлар тизимида назарда тутилган тўловлар.

Жумладан, меҳнат ҳақи (иш ҳақи) тизимига ходимнинг лавозим маоши, давлат хизматчилари учун тўланадиган 30% лик устама, кўп йиллик ҳизмати учун қўшимча тўловлар, чораклик мукофотлар, байрам (ишланмайдиган) кунлар муносабати билан тўланадиган мукофотлар ва бошқа тўловлар киритилиши мумкин.

Рағбатлантириш тўловлар тизимига эса ходимнинг меҳнат вазифаларини белгиланган даражада бажарганлиги учун ойлик устамалар, ишдаги юқори натижалари учун тўланадиган бир марталик тўловлар, алоҳида хизматлари учун тўланадиган қўшимча тўловлар, давлат мукофотларига тақдим этиш, ташаккурнома, пул мукофоти билан тақдирлаш, қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш ва ишдаги бошқа ютуқлари учун тўловлар киритилиши мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак, ташкилот томонидан меҳнат ҳақи тизимига киритилган тўловлар ходимга интизомий жазо қўлланилганлигидан қатъий назар қўлланилаверади. Фақатгина рағбатлантириш турларига киритилган тўловлар мазкур даврда қўлланилмайди. Яъни меҳнат ҳақи тизимига киритилган тўловлар рағбатлантириш чоралари ҳисобланмайди.

Ҳабарингиз борки, ҳозирги кунда янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг қизғин муҳокамаси бўлаётган бўлиб, унда мазкур масалаларга тўлиқроқ тушунтиришлар берилган.

Ходимларни мукофотлаш (тақдирлаш) ва рағбатлантиришнинг бошқа турлари меҳнат ёки жамоа шартномаларида акс эттирилиши мақсадга мувофиқ.