Get Mystery Box with random crypto!

#JahonSiyosati #Turkiya 21 август куни Туркия президенти Р | Sharq va G'arb

#JahonSiyosati #Turkiya

21 август куни Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон Қора денгиз ҳудудидан табиий газ заҳиралари топилганини ва бу воқеа келажакда мамлакатни газ импорт қилувчидан экспорт қилувчи мақомига олиб чиқишини айтди. Берат Олбайроқ, молия вазири ва Эрдўғоннинг куёвининг фикрича, газ кони Туркиянинг айни пайтдаги эҳтиёжини қоплайди ва “янги эра”ни бошлаб беради.

Маълумотларга кўра, газ заҳиралари 320 миллиард куб метрни ташкил этади. Анқара газ қазиб олиб, ундан фойдаланишни 2023 йилдан – республика ташкил этилганининг 100 йиллигига – бошламоқчи. Бироқ кўпгина таҳлилчилар фикрича бундай баёнотлар қилишга ҳали эрта ва қатор омиллар сабаб улар аҳолини ҳозирги иқтисодий қийинчиликлардан чалғитиш сифатида кўрилмоқда.

Биринчидан, топилган газ заҳиралари салмоқли бўлгани билан жиддий ўзгариш қилолмайди. Россиянинг 47,8 триллион куб метр, Қатарнинг 24,5 триллион куб метр, Туркманистоннинг 7,5 триллион куб метр газ заҳираларига солиштирганда Туркиянинг анча кам. Ҳозирда Анқара энергетика импортида Эрон, Ироқ ва Россияга боғлиқ ва бу харажатлар ўтган йили мамлакатга 41 миллиард долларга тушган. Агар йилига 8-9 миллиард куб метр ишлаб чиқарган тақдирда ҳам, бу Туркия эҳтиёжининг бешдан бирини ташкил этади.

Иккинчидан, газ топилгани билан уни қазиб олиш учун инфраструктура ва мутахассислар зарур. Сув тубидан қазиб чиқариш бўйича тажрибага эга бўлмаган Туркия учун хорижий ҳамкорларни топиш, жалб этиш ва зарур техникани қуриш ишларига ҳам бир неча йиллар кетади. Нефть ва газ нархларининг жаҳон бозорида пасайиши фонида инвесторларни топиш мушкул вазифа саналади.

Учинчидан, Туркия каби қариндошлик ришталари мустаҳкам ва коррупциялашган мамлакатлар учун нефть ва газ заҳираларининг топилиши элитанинг бойишига ҳамда ички беқарорликларга замин яратиши мумкин. Барча энергетика маҳсулотларига бой мамлакатлар Норвегия ёки АҚШдек ресурслардан келадиган даромадларни миллий иқтисодиётга муваффақиятли йўналтиролмаган. Айниқса Венесуэла, Шарқий Тимор, Жанубий Судан ва Туркманистон каби қонун кучи заиф, авторитар давлатларда раҳбарларининг узоқни кўзламаган сиёсати туфайли мамлакат манфаатидан кўра шахсий ва оилавий манфаатлар устун келади. Натижада аҳолининг турмуш даражасига табиий ресурсларнинг таъсири сезилмайди.

Шу билан бирга Туркиянинг режаларида нафақат Қора денгиз, балки Ўрта Ер денгизида ҳам қидирув-қазилма ишларини давом эттиришдир. Бунинг учун Анқаранинг иқтисодий-молиявий ҳолати, сиёсий иродаси, етарли технологик даражада жиҳозланган замонавий кемалари мавжуд. Ўрта муддатли истиқболда янги заҳиралар Туркия учун газ импорт қилувчи давлатлар билан музокараларда қўшимча имкониятлар туғдиради.

@sharqvagarb